Жаҳолатга қарши маърифат

ДИН ВА ТИНЧЛИК

ДИН ВА ТИНЧЛИК

(радикализмга қарши маънавий тарбия)

Ҳар бир инсон қалби осойишталик ва тинчликка муҳтож. Баъзан ҳаёт шунчаки шиддатли ва мураккаб кўриниши мумкин, лекин шундай вазиятда ҳам қалб хотиржам бўлса, ҳар бир фикр ва қарор оқилона ва адолатли бўлади. 

Дин ҳам инсонни айнан шу йўлга чақирган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг» (Таҳрим, 6-оят). Бу оят бизга ҳар бир мусулмоннинг нафсини тарбиялаб, оила ва жамиятни тартибли сақлаш масъулиятини ундовчи асосий таълимотдир. 

Дин, тинчлик ва маънавий тарбия ўртасидаги боғлиқлик ҳақида сўзлаганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ҳам биз учун йўл-йўриқдир. У зот ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: «Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсадан узоқда бўлган одамдир», дедилар». (Бешовлари ривоят қилишган). Бу ҳадис нафсни тарбиялаш ва тинчликка эришишнинг асосий йўлларидан бири ҳисобланади. Яъни, ҳар биримиз ўз сўзи ва ҳаракати билан жамиятда осойишталик муҳитини сақлашимиз керак.

Шунингдек, осойишталик нафақат шахсий ҳаёт учун, балки жамият тинчлиги учун ҳам муҳимдир.  Мустаҳкам оила — инсон учун тинчликнинг асоси. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ахли оилага гўзал муносабатда бўлиш лозимлигини уқтирардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сизларнинг яхшиларингиз – ахлига яхшиларингиздир. Мен ахлига муомала қилишда сизларнинг энг яхшингизман» ва «Мўминларнинг иймони комилроғи ва хулқи яхшироғи – ахлига илтифотлисидир» деган сўзлари ҳам бундан далолат беради. Ҳар бир инсон қалбдаги тинчлик ва осойишталикни сақлашга ҳаракат қилганда, жамиятда ҳам зўравонлик ва радикал ғояларга ўрин қолмайди. Шу боис диний тарбия, қалб осойишталиги ва маънавий қадриятлар ҳар биримиз учун зарурдир. Чунки инсон фақат ақл ва маънавият йўли билан ҳақиқий тинчликка эришиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, радикализмга қарши маънавий тарбия нафсни назорат қилиш, оила ва жамиятда осойишталикни сақлаш, ҳамда Пайғамбаримиз ҳадисларида таъкидланган эзгу амалларни ҳаётга татбиқ қилиш орқали амалга оширилади. 

Нўмонжон Эшондедаев,
Наманган шаҳри “Маҳдум эшон жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts