Байрам ва марака маросимлари

ДАВЛАТ МАДҲИЯСИНИНГ 33 ЙИЛЛИГИ

ДАВЛАТ МАДҲИЯСИНИНГ 33 ЙИЛЛИГИ

– Иймон, Ватан ва Иззатнинг Бирлашган Садоси!

Бу йил юртимиз байроғи билан ёнма-ён турадиган, миллатнинг шаъни ва ғурурини ифодалаган Давлат мадҳияси қабул қилинганига 33 йил тўлди. Бу сана нафақат тарихий кун, балки қалбларимизни уйғотадиган, Иймонни мустаҳкамлайдиган, маънавиятни юксалтирадиган муқаддас хотирадир. 

Унинг ҳар бир мисрасида:

Ўзбекистоннинг азалий шаъни, аждодларимизнинг қони билан ёзилган тарих, эртанги кун олдидаги масъулиятимиз сингдирилган.

Исломда ватанни асраш – иймондандир

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида, Маккани еслаб: “Эй Роббим! Маккани менга суюкли қилганинг каби, Мадинани ҳам менга суюкли қилгин.” (деб дуо қилганлар). Бу дуодан уламолар ватан муҳаббати фитрат, Ватанга хизмат ибодат деган хулоса чиқарган.

Мадҳиямиз айнан шу ҳиссиётнинг садосидир: Ватан учун жон фидо, юрт учун хизмат шараф. Мадҳиямиздаги сўзлар — “Оламни маҳлиё айлаган” — бу Аллоҳнинг яратган гўзал неъматларини эслатади.

“Она Ватан” —ерга, авлодга, насабга бўлган шукрни билдиради.

“Эл ғурури” — бу иззат, шон, Аллоҳ берган кароматни қадрлашдир.

“Яшна, боқий бўл!” — дуодир, барака тилагидир.

Мадҳиямиз тилимизда куйланаётган бўлса-да, руҳида Исломнинг ҳаётбахш нафаси бор. Юртимиз тинчлиги учун дуо қилинди, халқларимиз бир-бирига меҳр билан боғланди, масжидлар, мадрасалар тикланди, илм, дин, маърифат юксак қадрланмоқда.

Ҳар сафар мадҳиямиз янграганда, минглаб қалблар бирлашади. Чунки мадҳиянинг кучи — миллатни бирлаштириш, қалбларда муҳаббат ва масъулият уйғотишдир.

Бу нафақат давлат мадҳияси, балки халқнинг шукри, дуосидир.

Ватан — бизга Аллоҳнинг амонати

Шунинг учун:

Ватан тинчлигини асраш, ёшларни илмга чорлаш, ҳалол меҳнат қилиш, ўзбек номини улуғлаш ҳар биримизнинг иймоний бурчимиздир. Мадҳиямиз бизни мана шу фазилатларга чорлайди.  Аллоҳ юртимизни омон, халқимизни бир, давлатимизни мустаҳкам қилсин! Аллоҳ мадҳиямизда ёд этилган эзгу умидларимизни ижобат қилиб, Ўзбекистонни илмда, дин-да, фаровонликда юксак мақомларга етказсин! 


Нуриддин Хамрақулов,

Учқўрғон тумани Саттибой ҳалфа жоме 
масжиди имом ноиби

Related posts