Жамият аъзоларига муносабат

ДАБДАБАБОЗЛИКДАН САҚЛАНАЙЛИК

ДАБДАБАБОЗЛИКДАН САҚЛАНАЙЛИК

Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб, уларни Ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйдики, буларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этади:  

“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”.  

“Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”.  

Аммо инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони карим бундай таълим беради:  

“...Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмас”.  

Бошқа бир ояти каримада эса бундай марҳамат этади:  

яъни: “У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган)     хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”.  

Руҳий қоидалар кўпгина лаззатлардан ва бадан хоҳлаб турган нарсалардан воз кечишни талаб қилади. Бу эса дабдабабозликка, ҳою-ҳавасга берилган кишиларда содир бўлиши қийин. Чунки шу ҳашаматчилик ўз эгасининг иродасини заифлаштириб қўйган бўлиб, доимо лаззат ичида бўлишни хоҳлайди, янги уфқларга назар солмайди, ўз халқининг тараққиёти ва гуллаб-яшнаши учун қайғурмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ исрофчиларни, дабдабабозларни ҳар бир яхшиликнинг душмани, ҳақиқатни кўра билмайдиган, доимо унга қарши турадиганлар, деб сифатлаган. Улар доимо Аллоҳнинг пайғамбарларига ҳам қарши чиққанлар.   

«Сабаъ» сурасида шундай дейилган: «Қайсики бир шаҳар-қишлоққа огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг маишатбозлари: «Биз, албатта, сиз ила юборилган нарсага куфр келтиргувчилармиз», дедилар. Улар: «Бизнинг молу дунёмиз, бола-чақамиз кўпроқ. Биз азоблангувчи эмасмиз», дерлар» (34-35-оятлар).  

Бизнинг бугунги кунда қилаётган дабдабали маросимларимизни саховат ҳам деб бўлмайди. Саховат деб дарҳақиқат эҳсонга муҳтож бўлган одамга қилинадиган яхшиликка айтилади. Очларга бериладиган таомга саховат дейиш мумкин. Бизнинг тўйларимизга келадиган минглаб кишилардан нечтаси қорни оч одамлар? Менимча, қорни очлар умуман айтилмаса керак бундай маросимларимизга. Тўғрироғи, қорни очларни нафақат зиёфатга айтиш, балки уларни умуман танимаймиз, ундайлар билан таниш-билиш бўлишни ўзимизга ор деб биламиз.   

Фазлиддин Камолов,   
Учқўрғон тумани “Абдулхамид ҳожи Абдуррахмон ўғли” жоме   
масжиди имом хатиби  

Related posts