Жамият аъзоларига муносабат

“ДАБДАБАБОЗЛИК — ЖАМИЯТ БАЛОСИ”

“ДАБДАБАБОЗЛИК — ЖАМИЯТ БАЛОСИ”

Инсон ҳаёти — Аллоҳ таоло ато этган неъматлар билан безатилган бир синов майдонидир. Бойлик, ризқ, вақт, саломатлик — буларнинг барчаси катта неъматлардан ва омонат ҳам дир. Шу боис уларни беҳуда сарфлаш, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка берилиш мўмин банда учун оғир масъулиятни келтириб чиқаради. Айниқса, Ҳанафий мазҳаби таълимотида исроф ва ортиқча дабдаба қаттиқ қораланади. 

Исроф — неъматга хиёнат 

Исроф — заруратдан ортиқча сарфлаш, фойдасиз йўлларга бойликни совуришдир. 
Бу нафақат мол-дунёга, балки вақт ва имкониятларга ҳам тегишлидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:  “Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди.” 

Ҳанафий уламолари таъкидлаганларидек, ҳалол нарсани ҳам ҳаддан ошириб ишлатиш исроф ҳисобланади. Демак, масала фақат ҳаромда эмас — меъёрни бузишда. 

Дабдабабозлик — қалб касаллиги 

Дабдаба — кўз-кўз қилиш, бошқалардан устун кўриниш учун ортиқча харажат қилиш жамият балосидир. Тўйлар, маросимлар ёки кундалик ҳаётда ортиқча ҳашамат ортидан қувиш қалбни кибру риёга олиб боради. Бу эса мўминнинг ихлосига ва охиратига ҳам путур етказади. 

Ҳанафий мазҳабида риё (кўрсатмачилик) амални бузувчи иллатлардан бири сифатида қаралади. Чунки амал Аллоҳ учун эмас, одамлар учун қилинаётган бўлади.

Исрофгарчиликнинг зарарли оқибатлари исроф ва дабдаба бир қарашда бойлик белгиси бўлиб туюлиши мумкин. Аммо аслида у: Барака кетишига сабаб бўлади, қалбни қаттиқлаштиради, қамбағаллар ҳаққини унутишга олиб боради. 

Жамиятда ҳасад ва тенгсизликни кучайтиради 

Бугунги кунда айрим тўй ва маросимларда ортиқча сарф-ҳаражатлар қилиш одатга айланиб бормоқда. Бу эса ёш оилаларни қарзга ботириб, энди оила қуриб баҳтли яшамоқни нийят қилган оила ҳаётни оғир бошлашига, ўзлари ҳоҳлаганидек ҳаётда яшаёлмасларига сабаб бўлмоқда. 

Мўминнинг йўли — ўртача йўл 

Ислом дини ҳаддан ошишни ҳам, қаттиқ сиқимликни ҳам ёқтирмайди. Энг тўғри йўл — ўртача, меъёрли йўлдир. Ҳанафий мазҳаби ҳам шу мувозанатни тарғиб қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари оддий, камтарона бўлган. У зот қўлларига мол келганда уни тезда садақа қилиб юборар, ўзлари эса оддий ҳаёт кечирардилар. Биз ул зотни умматиман деб даъво қилаётган инсонлар қайси йўлда кетаётганимизга этибор берайлик. 
Биз мўмин мусулмонлар бу иллатлардан ва исрофгарчиликлардан қандай қилиб сақланамиз? 

Бу борада улуғ зотлардан бизларга чиройли тавсиялар бор. Ҳар бир неъматни қадрлаш ва шукр қилиш керак. 

Харажатларда режа ва меъёрни сақлаш керак. 

Тўй ва маросимларни содда, исрофгарчиликларга ва дабдабабозликларга айлантирмай ўтказиш керак. 

Ортиқча нарсаларни иложи борича муҳтож бўлган инсонларга, қийналган оилаларга улашиш керак. 
Инсон Қалбни доимо риё ва кибирдан поклаш керак. 

Хулоса ўрнида яна шуни такидлаб ўтамизки 

Исроф ва дабдабабозлик — нафақат молиявий, балки маънавий инқирозга олиб борувчи иллатлардир. Ҳанафий мазҳаби таълимоти бизни меъёр, камтарлик ва шукрга чорлайди. Ҳар бир неъмат олдида ўзимизга савол берайлик: “Бу сарф ҳаражатларимиз Аллоҳни рози қиладими ёки нафсимни?” деб. 

Ҳалқимизда ибратли бир сўз бор 

Неъматни асраган — баракага эришади. Исрофдан йироқ бўлган — қалбан бой бўлади. 
Қиёмат кунида бизларни йўқдан бор қилиб яратган Аллоҳ ўтказган умрларимиз, бизларга берилган молу дунёларини қаэрларга тасарруф қилганларимиз ҳақида ҳисоб- китоб қилинишимизни ҳечқачон эсимиздан чиқариб қўймаслигимиз лозим.

Муҳаммадшокир Бобоҳўжаев
Норин тумани Умарҳўжа эшон” жоме
масжиди имом хатиби

Related posts