Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг кўп минг асрлик бой миллий давлатчилик тарихий-ҳуқуқий ва маънавий меросига асосланган. Ўзбекистон ҳудудида давлатчилик ва ҳуқуқ тарихи ўзининг чуқур илдизларига эга бўлиб, қадим-қадим даврларга бориб тақалади. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деб таъкидлаган эди. Шу нуқтаи назардан, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади.
Давлат сиёсий етуклиги ва мамлакат ижтимоий барқарорлигини ўзаро бирлаштирадиган мезонлар бор. Улар кўп эмас. Шулар орасида энг асосийси жамиятда қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш бўлса, иккинчиси, ҳокимият ва халқ ўртасидаги шаффоф ҳамда узлуксиз мулоқотни йўлга қўйишдир. Бу нафақат демократия, балки кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир. Мазкур устувор вазифалар ижросининг олий ҳуқуқий асоси эса, шубҳасиз, Конституция ҳисобланади. У шу йилларда замонавий тараққиётимиз, танлаган инновацион йўлимиз ва албатта, халқчил ислоҳотларнинг том маънодаги Бош қомуси, ёрқин истиқбол сари етаклаётган энг олдинги маёқ янглиғ намоён бўляпти.
Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини қайд этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди. Бу қоида Аллоҳ таолонинг: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят), оятига каримасига ҳамоҳангдир.
Охирги йилларда Ўзбекистонда рўй бераётган туб ўзгаришлар айнан мана шундай ёндашув шарофатидан бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат. Зеро, бундан кўзланган бош мақсад одамларни рози қилиш, улар эртага эмас, айнан бугун яхши яшашлари учун барча шароитни яратиб беришдир.
Президентимиз бошчилигида халқимиз янгидан-янги марраларни забт этмоқда, кўз ўнгимизда янги Ўзбекистон дунёга юз очаётир. Мазкур ўзгаришларни нафақат биз, балки чет элликлар ҳам эътироф этмоқдаки, бу шубҳасиз, барчамизни қувонтиради. Энг муҳими, юртдошларимизнинг дунёқараши янгиланиб, улар ҳам ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди. Юртимизда фаоллик, яратувчанлик руҳи билан яшаш ҳар бир инсон учун ҳаёт тақозоси, ижтимоий заруратга айланиб боряпти. Табиийки, булар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Буларнинг замирида Конституциямизда белгилаб берилган мақсад ҳамда вазифаларни сўзсиз ижро этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлару машаққатлар ётибди.
Конституция ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш ҳар қандай жамият тараққиётида энг муҳим омиллардан биридир. Ҳар бир давлат ўзининг истиқлол ва тараққиёт йўлини белгилаб оларкан, аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга йўналтирилган муҳим мақсадлари ҳамда вазифаларини Конституциясида қатъий мустаҳкамлаб олади. Истиқлолимизнинг илк даврида қабул қилинган Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар ва уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди.
Ҳар қандай демократик ислоҳотларнинг самараси, тинчлик ҳамда тараққиётимизнинг асосий гарови ҳам айнан шу омил билан бевосита боғлиқ. Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашнинг галдаги шарти, бу аҳолининг ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш билан боғлиқ.
Ғуломжон Саттаров
Наманган туман “Ал-Масжидун Набавий”
жоме масжиди имом-ноиби