Жамият аъзоларига муносабат

БОҚИМАНДАЛИКДАН САҚЛАНАЙЛИК!

БОҚИМАНДАЛИКДАН САҚЛАНАЙЛИК!

Маълумки, динимизда касб-ҳунар ва ҳалол йўллар билан киши ўз ризқу рўзини топишликка тарғиб қилинган бўлиб, танбаллик ва ишёқмаслик каби кишининг ўзига ва жамиятига зарар келтирувчи иллатлардан қайтарилган. Инсон бировга муҳтож бўлмаслик учун меҳнат қилиши билан ўзининг инсонлик шарафини ҳимоя қилади. Зеро, бу ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай деганлар:

“Кимки бировдан нарса сўрашдан иффатини сақлаш, қўшнисига яхшилик ва аҳли аёлига нафақа бериш мақсадида ҳаракат қилиб ҳалол мол-дунё учун ҳаракат қилса, Қиёмат кунида (маҳшаргоҳга) юзи тўлин ойдек бўлган ҳолда келгай”. 

Дангасалик ва боқимандалик каби инсоннинг шарафини йўқотадиган ишлар динимизда  қаттиқ қораланган. Бу борада муборакда;  “Сизлардан бирингиз бир боғ ўтин териб, елкасига ортиб юриши, бировдан тиланчилик қилишидан яхшидир. Чунки сўралган киши ё беради ёки бермайди”.

Бундан билинадики  инсон меҳнати изидан кун кўриши, тирикчилик учун ҳатто ўтин териб сотиши тиланчилик, таъмагирлик қилишидан кўра яхшироқдир. Қолаверса, тўрт мучаси соғлом, бир кунлик егулиги бор кишининг тиланчилик қилишини динимиз қаттиқ қоралайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, агар қамчинг ерга тушиб кетса ҳам”, деб мусулмонни таъмагарликдан боқимандаликдан қайтарганлар.

Боқимандалик – инсонии  ризқини кўпайишига эмас, унинг камайишига сабабчи бўлади. Яна бир ҳадиси шарифда; “Агар банда ўзига тиланчилик эшигини очса, албатта Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади”. 

Шундай экан, инсон ниятини тўғри қилиб, Аллоҳ таолодан сўраб ҳалол касбу ҳунар қилиши лозим.  Лекин афсуслар бўлсинки ҳозир , айрим инсонлр  имконияти бўла туриб ўзини муҳтож қилиб кўрсатиш, тамаъ қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча мўминларга ўз тоқатларига яраша касб қилишни вожиб қилган. Муқаддас манбаларимизда: “Мўмин киши ўзи, аҳли аёли учун ва қарзларини адо қилмоқ учун кифоя қиладиган миқдорича касб қилмоғи фарздир”. 

Мусулмон киши Аллоҳ таолонинг ҳаққига риоя қилгани каби, бандаларнинг ҳақларига ҳам риоя қилиш керак. Шундай экан, мўмин киши ҳалол касб танлаб, пок йўллар билан мол топиши даркор. Ҳаром ва шубҳали моллардан қочиши керак. Зеро Қиёматда киши қаердан топиб, қаерга сарфлаганини ҳисобини бермагунча, оёқлари ўрнидан жилмайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қиёмат кунида банданинг икки қадами, то молини қаердан топиб нимага сарф қилганидан сўралмагунча жойидан жилмайди”.

Машҳур саҳоба Хузайма ибн Собитнинг ўғиллари айтадиларки, отамнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб шундай дедилар: яъни: “Ерингизга кўчат экиб қўйишдан сизни нима тўсяпти?”, дедилар. Отам: “Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди”, дедилар. Шунда, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай қилманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг”, деб, ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар”.

Хулоса қиладиган бўлсак ҳар бир инсон ўз имконияти  ва иқтидорига қараб ўзи ва элу юртига фойдаси тегадиган касбу корлар билан машғул бўладиган бўлса, икки дунё саодатига машарраф бўлиши муқаррардир. 

 

 

Ботиров Баҳодир ,
Чуст туман “Охунбобо” жоме 
масжиди имом хатиби.

Related posts