Мактаб ва олий таълим муассасаларида ўқув йили якунди. Минглаб ёшлар “битирувчи” деган номни олди. Аслида бу — инсон ҳаётидаги масъулиятли босқич. Лекин афсуски, айрим ёшлар бу паллани илм, тарбия ва шукр билан эмас, балки бемаънилик, исроф ва маънавиятсизлик билан нишонлашга одатланиб бормоқда.
Энг ачинарлиси, бу ҳолат жамиятда гўё “замонавийлик” ёки “урф” сифатида қабул қилинаётганидир. Ҳолбуки, бу урф эмас — тарбиясизликнинг очиқ кўриниши.
Бугун битирув кечалари деганда кўпчиликнинг кўз олдига илм аҳли эмас, балки:
ресторанма-ресторан юриш;
қиммат машиналарда мақтаниш;
тунги базмлар;
мастона ҳаракатлар;
йўл ўртасида безорилик қилиш;
диплом ва шаҳодатномани йиртиш;
кийим бўяш;
бир-бирининг устидан сув қуйиб масхара қилиш каби ишлар келади.
Савол туғилади: шуми йиллаб ўқишнинг натижаси? Шуми ота-онанинг меҳнати? Шуми устозларнинг умиди?
Бир парча қоғоз — диплом ёки шаҳодатнома учун қанча меҳнат қилинди. Ота-онаси қарзга кирди, онаси кечалари уйқусиз чиқди, отаси тирикчилик деб қийналди. Энди эса айрим ёшлар ўша ҳужжатни “кайфият учун” йиртиб, синдириб, оёқ ости қилишни “мода” деб ўйлаяпти. Бу — шукрсизлик ва қадрсизликдан бошқа нарса эмас.
Яна бир оғриқли масала — битирув баҳонасидаги исрофгарчиликдир. Бугун битта битирувчи учун 3–5 миллион сўм сарфлаш оддий ҳолга айланиб қолди. Айрим ота-оналар эса “болам кам бўлмасин” деб қарз олишга мажбур бўлмоқда. Ахир, бир кечалик кўрсатма учун оиланинг ойлаб топган маблағини ҳавога совуриш қайси ақлга сиғади?
Энг хавфлиси эса — ёшларнинг ҳаёти билан ўйнаши.
Ҳали ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган болалар ижарага машина олиб, кўчаларда “герой” бўлиб юришмоқда. Машинани тез ҳайдашни мардлик деб ўйлашмоқда. Лекин тезлик ҳеч қачон қаҳрамонлик бўлмаган — у кўпинча қабрга олиб борадиган йўл бўлган.
Ҳар йили битирув мавсумида йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлади. Нечтадир ёшлар майиб бўлади, айримлари эса умуман уйига қайтмайди. Бир неча соатлик кулгу бутун умрлик азобга айланади. Ота-она эса бир умр фарзандининг доғини кўтариб яшайди.
Яна тунги базмлар…
“Битирув” деган ном билан бошланган баъзи йиғинлар ахлоқсизлик кечасига айланмоқда. Номус, ҳаё, одоб унутилаяпти. Қизлар ва йигитлар эркинликни тарбиясизлик билан адаштирмоқда. Оқибатда жанжал, жиноят, бузуқлик ва шармандаликлар келиб чиқмоқда.
Азиз битирувчи!
Сен битирдинг — лекин ҳали ҳаётни енгганинг йўқ. Бир босқични тугатдинг, холос. Ҳали олдингда ҳаётнинг ҳақиқий имтиҳонлари турибди. Сенинг кимлигинг ресторанда эмас, қийин кунда билинади. Қиммат костюмда эмас, ота-онага қилган хизматиңда билинади. Кўчадаги шовқинда эмас, одобинг ва масъулиятингда намоён бўлади.
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Банда ўзидан рози бўлиб қолса, Аллоҳнинг ғазабига учрайди”.
Бугун кўпчилик ёшлар эришмаган нарсасига эришгандек, ҳаётни забт этгандек юрибди. Ҳолбуки, диплом — ҳаёт эшигининг калити, холос. У билан инсон ё камол топади, ё ҳавога учади.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Имом Шофеъийга шундай деган эдилар: “Аллоҳ қалбингга нур берган. Уни гуноҳ билан ўчириб қўймагин”.
Эй ёшлар!
Бир кечалик ҳавас деб ота-онангизни йиғлатманг. Устозларингизни шарманда қилманг. Бир неча соатлик ўйин-кулги деб ҳаётингизни вайрон қилманг.
Чунки:
“Гуноҳнинг лаззати бир зумлик, азоби эса узоқдир.
Яхшиликнинг машаққати қисқа, савоби эса абадийдир”.
Битирувни исроф, шовқин ва гуноҳ билан эмас, дуо, шукр ва яхши ният билан якунланг. Ана шунда ҳақиқий битирувчи бўласиз.
Жаъфархон Суфиев
Тўрақўрғон туман Исҳоқхон тўра жоме
масжид имом хатиби