Жамият аъзоларига муносабат

БАЙРОҒИМИЗ ФАХРИМИЗ

БАЙРОҒИМИЗ ФАХРИМИЗ

Ўзбекистон байроғи — миллий ғурур ва мустақиллик тимсоли

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи – юртимизнинг мустақиллиги, тарихий анъаналари, келажакка интилишлари ва миллатнинг руҳий бирлигини ифода этувчи муқаддас рамздир. У 1991-йил 18-ноябр куни Олий Мажлис томонидан қабул қилинган бўлиб, мустақилликнинг илк рамзий белгиларидан бири сифатида давлатимиз тарихида алоҳида ўрин эгаллайди.

 Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига  юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис қиламиз.

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон- шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир.

Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни: «Бу байроқни бир кишига бераманки, у Аллоҳ ва расулини яхши кўради ҳамда унинг қўлида Аллоҳ фатҳ қилади», дедилар.

Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни

истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.

Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз шарт.

Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!

Байроқ — миллий бирлашув рамзи

Байроқ – нафақат давлат белгиси, балки бутун халқнинг ғурури, бирлиги ва миллий руҳининг мужассам кўринишидир.

Ҳар бир ватандош байроқ баланд кўтарилганида ўзини юртининг руҳи билан бирга кўтарилгандек ҳис қилади. Шунинг учун ҳам байроқ давлат идораларида, мактабларда, ҳарбий қисмларда, халқаро майдонларда шараф билан ҳилпирайди.

Хулоса

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи – тарихимиз, бугунимиз ва келажагимизни бирлаштирувчи қудратли рамздир. У Ватанимизга содиқлик, тинчлик, бирлик ва юксалишга бўлган ишончни ифодалайди. Байроқни ҳурмат қилиш – ўз тарихини, ўзлигини ва мустақиллигини ҳурмат қилиш демакдир.

Жаъфархон Суфиев, 
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,  
Тўрақўрғон туман“Исҳоқхон тўра” жоме  
масжиди имом-хатиби

Related posts