«Бағрикенглик» чинакам исломий фазилат бўлиб, араб тилида «Самааҳатул Ислам» дейилади.
“Самоҳа” (سماحة)сўзи – саховат, билмоқлик, бағрикенглик, енгиллик маъносида ишлатилади. Шу сабаби “Самааҳатул Ислам” идораси Ислом бағрикенглик ва рахмат дини эканини ифодалайди.
Аллоҳ таоло: “Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир”. Мумтаҳана сураси 8-оят
Tадқиқотчи ва тарихчи Олимлар Ислом ҳукмрон бўлган даврда бошқа дин вакилларига муносабати ҳақида шундай ёзади: «Ҳижратнинг 9- йилига келиб, Ислом дини бутун араб жазирасини қамраб олган бўлса-да, Муҳаммад алайҳиссалом яҳудий ва насороларни ўз динига киришга мажбур қилмади.
Ислом қанчалар бағрикенг, тинчликпарвар дин эканлигини Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда ва Пайғамбар алайҳиссалом шахсий намуналарида янада равшан кўришимиз мумкин.
У Зотнинг оламларга раҳмат қилиб юборилганлари ва бағрикенгликларига мисол, 9 ҳижрий йилда Араб жазирасида, мусулмонлар кучли бир давлатга айланиб бўлганидан кейин Нажрон епископи, насроний Абулҳорисга ёзган мактубларида буни яққол кўришимиз мумкин.
Ушбу мактубда шундай дейилади: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Нажроннинг бош епископи Абулҳорисга ва унинг барча руҳонийлари ва епископларига. Аммо баъд. Бош епископга, унинг руҳонийлари ва бошқа епископларга маълум бўлсинки, сизларнинг черковларингиз, ибодатхоналарингиз қандай бўлса, шундайлигича қолдирилади. Сизлар ўз ибодатларингизда ҳур ва эркинсиз. Биронтангиз ўз мансаби ва мақомидан четлаштирилмайди. Диний маросимларингизда ҳеч нарса ўзгартирилмагани каби, мазкурлардан ҳам ҳеч нарса ўзгартирилмайди. Модомики, епископлар аҳдга, яъни ўзларининг асл инжилларига содиқ қолсалар ва ундаги таълимотларга, яъни насроний динининг таълимотларига амал қилсалар, Аллоҳнинг ва Расулининг зиммасида, яъни ҳимоясида бўлади. Ким уларни бу нарсадан тўсса, у Аллоҳнинг ва Расулининг душмани бўлади».
Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом юборган мазкур мактубда аҳли китоблар Арабистон яриморолида ўз ибодатларини эмин-эркин адо этиш ҳуқуқига эга бўлгани, ҳеч ким уларни бундан тўсиб, тазйиқ ўтказмаганига далолат қилади.
Ҳижратнинг 9-чи йилида Нажрон элчилари, бош епископи Абулҳорис бошчилигида Мадинаи Мунавварага келишди. Ислом тарихидан маълумки, тўққизинчи ҳижрий йил «амул муфуд» («элчилар йили») деб номланган.
Абулҳорис бошлиқ элчилар келиб, Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига ўзларининг расмий диний либосларини кийиб, у Зотни масжиди набавийда зиёрат қилишди. Зиёрат қилиб бўлганларидан сўнг у Зотдан хатто ибодатларини адо этиш учун ҳам рухсат сўрашди. Набий алайҳиссалом уларга Мадина масжидида ибодат қилишлари учун шароит қилиб бердилар.
Шундай қилиб, улар мусулмонларнинг масжидида Байтул Мақдисга йўналган ҳолда ибодатларини адо қилишди.
Пайғамбар алайҳиссалом аҳли китоблар билан, анашундай ҳурмат билан муомала қилганлар.
Ислом ўзидан аввалги самовий динларни ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданияти ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар ораларида яшаган бошқа дин вакилларига ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишган.
Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилар эдилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бошқа дин вакилларига бағрикенглик борасида Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга қиёматга кадар ибрат-намуна бўлаолдилар.
Ха Азизлар, Бағрикенглик чинакам исломий фазилат ва Набавий кўрсатмадир!
Аҳмедов Муродилла,
Наманган тумани “Отавалихон” жоме
масжид имом хатиби