Жамият аъзоларига муносабат

АЛИШЕР НАВОИЙ БУЮК МУТАФАККИР ВА ОЛИМ.

АЛИШЕР НАВОИЙ БУЮК МУТАФАККИР ВА ОЛИМ.

 Алишер Навоий 1441-йил 9-февралда Хуросон ўлкасининг пойтахти Ҳиротда туғилди. Замондошлари уни «Низомиддин Мир Алишер» деб улуғлаганлар. «Низомиддин» — дин низоми деганидир. Кўпинча, мансаб эгаларига нисбатан айтилган «мир» — амир демакдир. Чунки у Ҳусайн Бойқаро саройидаги энг нуфузли амир бўлган. Алишер болаликдан маърифатли оила муҳитида тарбия топди. Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад (уни «Ғиёсиддин кичкина» ҳам дер эдилар) темурийларга яқин амалдорлардан бўлиб, ўз даврининг обрўли ва маърифатли кишиларидан саналган. 

Адабиётшунос Давлатшоҳ Самарқандийнинг ёзишича, у ўғли Алишернинг тарбиясига, келажакда фазилатли одам бўлиб етишмоғи учун астойдил ҳаракат қилган. Онаси Кобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи бўлган. Бўлажак шоирнинг тоғалари Мир Саид (Мирсайид) Кобулий яхши шоир, Муҳаммад Али Ғарибий шоир, созанда ва хаттот эдилар. Алишер оилада учинчи ёки тўртинчи фарзанд бўлиб, мактабда бўлажак султон Ҳусайн Бойқаро билан бирга ўқиди. У ерда савод чиқарди, шеър ўқиш ва ёд олиш, шеър битишга болаликдан ҳавас уйғонди. Кичик мактаб ёшида форс шоири Фаридиддин Атторнинг катталар ҳам тушуниши қийин бўлган «Мантиқ ут-тайр» достонини форс тилида ўқиб ҳам уқиб ёд олгани унинг ёшлик истеъдодининг муҳим қирраларидан эди.Шеърга меҳр Алишерни ижодга ундади. У 7-8 ёшларидан шеър ёза бошлади. Ўзбекча шеърларига «Навоий», форсча шеърларига «Фоний» тахаллусини қўйди.

Ўсмирлик даврларида Алишер ўқишда ва ёзишда тиним билмас, шеър мутоаласидан чарчамас эди. «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида ўзининг ёшлик чоғида машҳур ўзбек ва форс шоирлари назмидан 50 минг байт (100 минг мисра) шеърни ёд билганини сўзлайди. Болалик вақтларидаёқ ўз даврининг Амир Шоҳий, Лутфий, Камол Турбатий каби шоирлари билан яқиндан алоқада бўлди. Отаси вафотидан сўнг таниқли илм ва адабиёт, санъат арбобларидан Саййид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммад кабилар оталик қилдилар. 

Навоий 1460-йилларнинг иккинчи ярмида Самарқандда яшади. Темурбек пойтахт қилган бу кўҳна шаҳар унинг ҳаётида ўчмас из қолдирди. Бу ерда ўз даврининг етук олимларидан, хусусан, шу кунгача асарлари Ислом оламида мўтабар саналиб келаётган Фазлуллоҳ Абулайс Самарқандийдек алломадан сабоқ олди. Кейинчалик бу шаҳарни ўз асарларида «фирдавсмонанд» (жаннатмисол) деб таъриф этди. Бу ерда шоир сифатида жуда катта шуҳрат топа борди. Бир девонга етиб ортадиган асарлари бўлишига қарамай, камтарлик туфайли бўлса керак, ўзи тартиб бермаганлиги учун 1465-1466-йилларда унинг мухлислари шеърларини тўплаб, «Девон» туздилар. Бу китоб бугунги кунда шартли равишда «Илк девон» деб номланади.

Навоий фаннинг бир неча соҳаларида қалам тебратиб, забар-даст олим эканлигини ҳам исбот этди. Ўтмиш мавзусида «Тарихи мулки Ажам» («Ажам, яъни араб бўлмаган мамлакатлар тарихи»), «Тарихи анбиё ва ҳукамо» («Пайғамбарлар ва донишмандлар тарихи») асарларини ёзган.

Туркий адабиётшуносликда ҳам унинг алоҳида ўрни бор. Арузга доир «Мезон ул-авзон» («Вазнлар ўлчови»), тазкирачиликка оид «Мажолис ун-нафоис» («Нафис мажлислар») каби асарлар яратди. Булар ўзбек (турк) тилида шу соҳалардаги биринчи асарлар эди. Буюк шоир тилшунослик билан ҳам қизиқди. Луғатшуносликка оид «Сабъату абҳур» («Етти денгиз») номли китоб ёзди. Айниқса, «Муҳо-камат ул-луғатайн» («Икки тил муҳокамаси») асарида турк (ўзбек) ва (форс) тилларини солиштириб, ўз она тилининг туганмас имкониятларини илмий асослаб берди.

Бутун турк дунёси Алишер Навоийни «шамс ул-миллат» — миллат қуёши деб ҳамма даврларда эъзоз билан тилга олади. Бутун умрини туркий тил мавқейини кўтариш, туркий адабиёт имконият-ларини дунёга тан олдириш, туркий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтиришга бағишлаган бобокалонимиз бу эътирофга тўла-тўкис муносиб ва ҳақлидир. У ҳақидаги биографик маълумотлар, ёзмишларининг деярли барчаси тўлиқ сақланиб қолган. Халқ ичида бу зотнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ривоят ва афсоналар ҳам талайгина. 

Манбаълар асосида тайёрланди

 Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме 
масжиди имом-хатиби.

Related posts