Жамият аъзоларига муносабат

АЛИШЕР НАВОИЙ.

АЛИШЕР НАВОИЙ.

Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида маърифатпарвар, маънавият ва маданиятнинг ҳақиқий намояндаси сифатида улуғланган буюк шахсдир. У шоир, мутафаккир, давлат арбоби, шунингдек,  тасаввуф бўйича етук  аллома бўлган. Алишер Навоий ўз ҳаётида ижодий фаолият билан бирга давлат ишларини ҳам олиб борган ва кўплаб исломий иншоатлар бино қилган. Ислом дини таълими тараққиёти учун мадрасалар барпо этган. Жумладан, Ҳиротдаги “Ихлосия”, “Низомия” мадрасалари, “Халосия” хонақоҳи, “Шифоия” тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган “Доруд-ҳуффоз” биноси, Марвдаги “Хусравия” мадрасаси, Машҳаддаги “Дорул-ҳуффоз” хайрия биноси ва бошқа кўплаб ноёб меъморлик ёдгорликлари бор.

Алишер Навоийнинг асарлари ичида “Арбаъин” номли араб, турк тилларида ёзилган асари ҳам мавжуд. Бу асар аслида Абдураҳмон Жомийнинг форс тилида ёзилган назмий асари бўлиб уни ҳазрат Навоий турк тилига таржима қилганлиги келтирилган. Ўрта асрларда ижод қилган кўпгина олим, фозил ва мутафаккирларнинг илмий меросларига эътибор қаратадиган бўлсак уларнинг аксарлари қирқ ҳадисни жамлаб, унга ўз тилларида назмий, насрий шарҳлар ёзганлиги ананасини кўрамиз. Демак, Алишер Навоий ҳам бу ананани  давом эттириб, бу асарни араб тилидан, ўзи мустақил назмий шарҳини яратган дейишимиз ҳам мумкин бўлади.

Мазкур асарда,  Алишер Навоий одоб-ахлоқ, ҳақиқий диний эътиқод, илм, касб-корга бўлган меҳр-муҳаббат ва одамийлик фазилатларига эга бўлган комил инсонни шакллантиришга чақирувчи қирқта ҳадисни турк тилидаги  назмий баёнини яратган. Манбаларда келтирилишича, Алишер Навоийнинг ушбу асарини ёзилишидаги  асосий сабаб,  Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари бўлган: “Кимки мени ҳадисларимдан қирқтасини умматларимга еткизиш учун ёд олса, қиёмат куни мен, у кишини шафоатимга оламан”. Ҳазрат Навоий мазкур ҳадисни эшитган ва унга амалий жавоб тариқасида ҳадислардан қирқтасини, ўзининг ҳаёти фаолиятида тадқиқ этиб,  унга назмий баён ёзган. Қуйида мазкур асарда келтирилган баъзи ҳадислар ва уларга битилган Навоийнинг туркий назмини таҳлил этамиз. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига раво кўрган нарсани ўзга биродарига ҳам раво кўрмагунча, мўмини комил бўла олмайди”.

Мўмин эрмасдур, улки имондин

Рўзгорида юз сафо кўргай,

Токи қардошиға раво кўрмас

Ҳар наким ўзига раво кўргай

Алишер Навоий мазкур ҳадиснинг умумий мазмунига эътибор қаратиб унга бадиий талқин берган. Яъни, ҳадисдан кўзда тутилган асосий мақсад инсонларнинг бир-бирлари билан доимий меҳр оқибат, хайр-саховатда бўлиб, ўзларига лозим топган нарсалардан биродарига ҳам раво кўришлиги ҳақиқий мўминлик, комиллик сифати эканлигини назмий ифодалаб берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қўлидан ва тилидан ўзга мусулмонларга  зарар етмайдиган кишигина ҳақиқий мусулмондир”.

Ким мусулмонлиғ айласа даъво

Чин эрмас гар фидо қилур жонлар.

Ул мусулмон дурурки, солимдур,

Тили-ю илгидин мусулмонлар.

Ҳақиқий мусулмон, комил инсон  ушбу ҳадисда келтирилгандек, ўзининг қўли ва тилидан бошқаларга озор бермаслигидир. Назмда инсон жонини фидо қилиб мусулмонликни даъво қилса-ю, қўли ва тилидан ўзгаларга озор етиб турса, у ҳақиқий мусулмон бўлолмаслиги баён қилинмоқда. Алишер Навоий  “Арбаъин” асарида келтирган ҳадисларнинг назмий шарҳини таъриф этиб, ҳадисларда олдинга сурилган ғоялар, одамийлик, меҳр-мурувват, инсонпарварлик, илмга бўлган муносабат, мўминлик ва мусулмонликнинг асосини ифода этувчи,  комил инсон бўлиб етишишдаги фазилатларнинг ёрқин баён қилиб берган.

Манбалар асосида тайёрланди.

Юсупов Пахриддин

Наманган туман бош имом хатиби

Related posts