Жаҳолатга қарши маърифат

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА КИМЛАР?

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА КИМЛАР?

Аҳли сунна вал жамоа - ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг катта қисми тутган йўлдир.

Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошидин (чаҳорёрлар) розияллоҳу анҳумнинг суннатларини ушлаган ва саҳобалар, тобеинлар, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомларидан иборат дин пешволари йўлига эргашган жамоадир. Аҳли сунна вал жамоа мазкур улуғларнинг йўлини узилмай келаётган силсила билан қабул қилиб олганлар.

Манбаларга қараганда Аҳли сунна вал жамоа атамасини дастлаб Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Оли Имрон сураси 106-оятини тафсир қилганда ишлатган бўлсаларда, бу атама исломнинг илк даврларида машҳур бўлмаган. Балки ўзларини турли номлар билан атаган фирқалар кўпая бошлагач, Аҳли сунна вал жамоа атамаси юзага чиқди. Суннат ва жамоат аҳли ким дейилса, илмда пешво саҳобалар ва уларнинг йўлини тутган зотлар, дейилади. Имом Муслим Ибни Сирин раҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар: “Одамлар фитна (ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг шаҳид қилиниши) содир бўлгунига қадар бир-биридан иснод (ҳадисларни кимдан эшитганини) сўрамас эдилар. Ундан кейин (ҳадис эшитган) кишиларингиз номларини айтингчи, дейишарди. Кейин агар аҳли суннат бўлса, ҳадиси олинарди, аҳли бидъат бўлса, ҳадиси олинмасди”.

Аҳли сунна вал жамоани ташкил қилган саҳобалардан тобеинлар илм ўргандилар, улардан эса мужтаҳид олимлар дин илмини қабул қилиб олдилар.

Иккинчи ҳижрий асрда баъзи илм аҳли муташобиҳ оятларнинг зоҳирига “ёпишиб", Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини исботлашда муболаға қилиб, “тажсим” (Аллоҳ таолога жисм нисбат бериш)га ўтдилар. Бунинг муқобилида мўътазила фирқаси чиқиб, Аллоҳ таолони нолойиқ сифатлардан поклаймиз, деб оят-ҳадисларда собит бўлган сифатларни йўққа чиқардилар. Ўша пайтда яшаган Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа аҳли сунна вакиллари (раҳимаҳумуллоҳ) уларга раддия билдирганлар. Ўзларидан аввалги саҳобийлар, тобеинлар ва мужтаҳид уламоларнинг йўлини тутиб, муташобиҳ оятлар ҳақида: “Аллоҳ таолонинг сифатлари ояти карималарда қандай бўлса шундай имон келтирамиз, таъвилига киришмаймиз”, дедилар. Мўътазила ва мушаббиҳаларнинг бидъатлари юзага чиқиб, уларнинг сўзлари тарқалгандан кейин бир қанча уламолар Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини каломий ҳужжатлар ва усулий далиллар билан қувватладилар. Бу ишни Имом Абул Ҳасан Ашъарий, Имом Абу Мансур Мотуридий каби зотлар Аҳли суннанинг эътиқодини баён қилиш, шубҳаларни даф қилиш, нақлий ва ақлий далиллар келтириш билан чиройли адо этдилар.

Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий Аҳли суннанинг ақоид бобида имоми эканлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган. Жумладан, Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий шундай дейдилар. “Имом Ашъарий ва Имом Мотуридийлар машрику мағрибда Аҳли суннат ва жамоат имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор. Улар ўртасидаги аксарият ихтилофлар лафзийдир”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларни катта жамоасини лозим тутишни ўргатиб, шундай дейдилар:

فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ

Яъни: "Агар ихтилофни кўрсангиз, катта қора (жамоа) ни лозим тутинг" (Имом Ибн Можа ривояти).

Эътиқодда демак, ҳозирги кунда катта жамоат Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий мазҳаблари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар (Ҳанафий, Моликий, Шофеий ва Ҳанбалий) мазҳабларга эргашганлардир. Мана шу- лар Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.

Зуҳриддин Турдиматов,
Учқўрғон тумани “Нурмуҳаммад бува” жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts