Аёллар саҳифаси

АЁЛЛАР ИСЛОМ НИГОҲИДА

АЁЛЛАР ИСЛОМ НИГОҲИДА

Исломдан олдин аёл киши нафақат ҳуқуқлари поймол қилинишига, балки инсонлик даражасидан маҳрум қилинишга маҳкум қилинган эди.

Ислом аёлларнинг ҳурмати ва қадрини оширган, уларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилган ва жамиятдаги мақомларини белгилаб берган диндир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида аёллар учун ўзига хос ўгитлар ва ҳуқуқлар белгилаб қўйган .

 Аллоҳ таоло мўминлар учун жаннатни ваъда қилар экан, у ерда аёллар ҳам эркаклар билан тенг ҳурмат ва неъматларга сазовор бўлишини айтади:

"Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшаладиган жаннат (боғ)ларидаги ёқимли масканларни ваъда қилди" (Тавба сураси, 72-оят)

. Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ҳам Исломда мустаҳкамланган. Улар нафақат меросга эга бўлади, балки ўз мол-мулкини мустақил равишда бошқариш ҳуқуқига ҳам эга. Шунингдек, эркакларнинг зиммасига аёлларнинг ризқ-рўз ва кийим-кечак каби эҳтиёжларини таъминлаш вазифаси юклатилган. Қуръони каримда айтилади:

"Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир" (Бақара сураси, 233-оят).

 Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам эркакларга аёлларга яхшилик қилишни буюрганлар: "Аёлларингиз учун сизнинг зиммангизда яхшилик ила ризқлари ва кийимларининг мажбурияти бордир" (Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, динимизда аёллар она сифатида улуғланади. Ислом фарзандларни оналарига чиройли муомалада бўлишга буюриб, бу орқали аёлларни она сифатида улуғлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримдаги бошқа ўринларга нисбатан ота-онага яхшилик қилиш борасида келган оятларни жуда ҳам чиройли тарзда баён қилган. Жумладан, “Исро” сурасининг 23-оятида:

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уфф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” , – дея амр қилинган.

 Суннати набавийяда ҳам оналарга яхшилик қилишга доир кўплаб буйруқлар келган 

“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, энг чиройли муомаламга ким ҳақли?” –  деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг”, – дедилар. У киши: “Сўнг ким?” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг”, – дедилар. У киши яна: “Сўнг ким?” – деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Онанг”, – дедилар. У киши: “Сўнг ким?” – деди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўнг отанг”, – дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч бора “Онанг”, деб айтишлари Исломда онанинг шаъни нақадар улуғ ва ҳурмат-эҳтиромга лойиқ эканига далолат қилади. Ислом шариатидан бошқа ҳеч бир шариатда онанинг қадри бунчалик баланд қилиб белгиланмаган. 

 Талҳа ибн Муовия Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мен Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни қасд қилдим”, – деб айтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг тирикми?” – дедилар. Мен: “Ҳа”, – дедим. У Зот алайҳиссалом: “Онангнинг оёқларини ўзингга лозим тут (доим хизматида бўл), чунки жаннат ўша ердадир”, – дедилар (Имом Термизий ривояти

 Шунингдек, Ислом аёлларга нисбатан зўравонликни қатъий ман этади. Расули акрам алайҳиссалом эркакларга хитоб қилиб шундай деганлар: "Аллоҳнинг аёл бандаларини урманглар!" (Имом Абу Довуд ривояти

Ислом аёлларни жамиятнинг муҳим қисми сифатида кўради ва уларга нисбатан зўравонлик, адолатсизлик ва қийноқларни қатъиян рад этади. Ислом таълимотига кўра, аёлларга ҳурмат ва иззат кўрсатиш ҳар бир мўминнинг вазифасидир.

 Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, аёл гўё қалб гавҳари. Аёл борки, олам мунаввар. Она –  меҳрибонлик тимсоли! Унга яхшилик қилиш эса  дунёда бахт, охиратда саодатга эришиш сабабларидандир. Шундай экан, онамизнинг нурли юзларига табассум ила боқиб, меҳрибонлик ва оилавий меҳр-муҳаббат асосида ҳаёт кечириш барчамизга насиб этсин!

Бобуржон Қозоқбоев,
Давлатобод тумани “Муҳаммад паноҳ” жоме 
масжиди имом-ноиби

Related posts