Таълим тарбия

ҲАЁ ҲАМ ИМОНДАН БИР ШОХЧАДИР

ҲАЁ ҲАМ ИМОНДАН БИР ШОХЧАДИР

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Имон олтмишдан ёки етмишдан ортиқ шохчадир. Улардан энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси, энг кичиги эса йўлдан озорни олиб ташлаш. Ҳаё ҳам имондан бир шохчадир». Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёни мўминнинг мўмин эканига далолат қиладиган ҳамда зийнати бўлган имоннинг бир қисми ўлароқ зикр қилдилар. Бу эса, ҳаёнинг ахлоқи ҳамидалар (мақталган гўзал хулқлар) ичида ўзига хос ўрни бор, деганидир. 

Уламолар ҳаёга таъриф берар эканлар, жумладан шундай дейдилар: "Ҳаё ~ Аллоҳ таолога итоатда бардавом бўлиш билан бирга Унга исён қилиб қўйишдан хавотирланишдир. Айнан мана шу хавотир ҳисси ҳаёдир". 

Бугунги кунимизга назар соладиган бўлсак, ҳаё борасидаги ҳолатимиз ўта аянчлидир. Кўча-куйда, юриш-туришимизда, гап-сўзларимизда ҳаёдан насиба қолмаяпти, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Айниқса, айрим ака-укаларимиз, опа-сингилларимизни ижтимоий тармоқлардаги ўзларини тутишлари, гап-сўзларида уят деган нарса қолмади. Энг ёмон томони эса, фаҳш сўзлар билан танилган инсонларнинг гапини биз трендга олиб чиқяпмиз. Бузуқлик ботқоғига гирифтор бўлган одамлардан фойдаланиб, маҳсулотларимизни реклама қиляпмиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ахир бу миллат таназзули эмасми? Агар биз бу ҳолатларга беэътибор бўлсак, охир-оқибат Аллоҳнинг турли синовларига гирифтор бўламиз, Ўзи асрасин. Зеро, Расули акрам алайҳиссалом: "Қайси бир халқда фаҳш тарқалса, Аллоҳ таоло ўша жамиятни ота-боболари эшитмаган ва кўрмаган турли касалликларга мубтало қилади", деб бежиз айтмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган ушбу сўзларини тааммул қилиш пайти келмадимикин? Дарҳақиқат, биз муолажага муҳтожмиз. Улуғларимиз эса бу борада бизга намуна. Муҳаммад Аввома ҳазратларининг ҳузурларига борган бир устоз ўзларини саҳифаларида ёзяптилар: "Солиҳ салафларимизнинг вақтни жуда қадрлашлари ҳақида сўзлай туриб, аллома Муҳаммад Аввома биз томонга қарадилар ва: "Бир воқеа айтиб бераман. Фақат айбга буюрмайсизлар, озгина уятли жойи бор", дедилар. Мен шундай олим қандай уятли сўз айтаркинлар, дея ҳайратда боқиб тургандим: "Шайх Абдураҳмон ибн Қосим вақтларини жуда қадрлар ва тинимсиз китоб ўқирдилар. Ҳожатга борганларида китобни ўғиллари ўқиб турар ва у киши кириб чиқардилар", деб ҳикояни тугатдилар. Воқеанинг қайси жойи уятсиз экан, дея ажабландим ва шунда тушунчаларимиз катта фарқли эканини, ер билан осмон қадар узоқлигини англадим. Устоз бировнинг ҳожатга киришини айтишдан ҳаё қилаётгандилар. Мени воқеадан ҳам кўра шайх Аввоманинг ушбу тушунчалари ҳайратга солди". 

Демак биз, мўмин сифатида ўзимизни ислоҳ ва муолажа қилишга мажбурмиз. Муолажанинг энг мақбули эса, инсон бир ишни қилишдан олдин, ёки бирон-бир гапни гапиришдан олдин, мени Аллоҳ кузатиб турибди, деган ҳисни ўзига сингдира билишидир. Аллоҳ барчаларимизни Ўзи ислоҳ қилсин! 

Қодиржон Умурзақов ,  
Поп тумани" Муҳаммаджон қори" жоме   
масжиди имом-хатиби 

Related posts