Аллоҳ таолонинг сизу биз бандаларига ато этган чексиз фазлу марҳаматларидан бири шуки, йилнинг маълум ой ва кунларини тоату ибодат қилиб, кўплаб савоб топиш учун имкониятлар вақти қилиб берди. Ана шундай фазилатларга бой, унда қилинган амали солиҳларнинг савоби кўпайтириб бериладиган ойлардан бири Зулҳижжа ойи, хусусан, унинг аввалги ўн кунидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
Абдуллоҳ ибн Умар رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бир кун ва унда қилинган бирорта амал Аллоҳнинг наздида Зулҳижжа ойининг ўн кунида қилингандан буюкроқ ва Унга маҳбуброқ эмас. Бас, бу кунларда таҳлил, тасбиҳ, такбир ва таҳмидни кўп айтинг” (Имом Абу Бакр ибн Шайба, Имом Абд ибн Ҳумайд, Имом Абу Яъло, Имом Байҳақийларнинг ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида бу кунларнинг энг фазилатли кунлар эканини билдириб, унда солиҳ амаллар қилиб қолишга тарғиб қилганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
“Ибодат қилинадиган бирор-бир кун Зулҳижжанинг ўн кунидан кўра Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ҳар бир кечасида туриш эса, Қадр кечасида туришга баробардир” (Имом Термизий ривояти)
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ наздида ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра улуғроқ ва севимлироқ амал йўқдир. Бас, ушбу(кун)ларда таҳлил, такбир ва таҳмидни кўпайтиринглар!” (Аҳмад, Байҳақий, Табароний ва Ибн Абу Шайба ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Ушбу ривоятга кўра, зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигида “лаа илааҳа иллаллоҳ”, “аллоҳу акбар” ва “ал-ҳамду лиллааҳ” калималарини кўп айтиш яхши экан.
Аввал айтиб ўтилганидек, зулҳижжанинг ўн кунида қилинадиган амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб саналади. Шу билан бирга мазкур вақтда Аллоҳ учун севимли бўлган зикр амалга оширилса, нур устига нур бўлади. Фазилатли амал фазилатли вақтда бажарилиши қилинаётган иш учун кўпроқ ажр олиниши ва ундан кўзланган мақсад рўёбга чиқишига сабаб бўлади.
Маълумки, солиҳ амаллар тури кўп. Уларни санаш учун анча саҳифани қоралашга тўғри келади. Ўша амаллар ичида энг афзалларидан бири бу – рўзадир. Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигида рўза тутиш ҳақида ривоятлар бор. Қуйида улардан баъзиларини ўрганамиз.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн кунликда бирон марта рўза тутганларини кўрмаганман” (Муслим, Абу Довуд, Аҳмад ва Ибн Хузайма ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зуҳлҳижжанинг аввалги тўққиз кунида рўза тутганлари ҳақида бошқа ривоятлар бор. Шу сабаб уламолар Оиша розияллоҳу анҳонинг бу ривоятини бир неча хил таъвил қилишган. Жумладан:
У зот касаллик ёки сафар туфайли ушбу ўн кунлик рўзасини тутмаган бўлишлари мумкин;
Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу кунларда рўза тутганларини кўрмаган ёки эътибор бермаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Яна Аллоҳ билгувчироқдир!
Мазкур ривоятнинг зоҳирига назар ташласак, зулҳижжанинг аввалги ўн кунида, тўғрироғи, тўққиз кунида рўза тутиш макруҳлиги келиб чиқади. Аммо уламолар бошқа ривоятларни ҳам ўрганиб чиққач, бу кунларда рўза тутиш мустаҳаблиги таъкидлашган.
Биз бу ерда Оиша розияллоҳу анҳонинг ривоятини маълумот учун, қилинаётган иш холис ва оз бўлса ҳам мукаммал бўлиши учун келтирдик. Энди бошқа ривоятларни ўрганамиз.
Ҳунайда ибн Холид хотинидан, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам завжаларининг баъзисидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зулҳижжанинг тўққиз куни, Ашуро куни ва ҳар ойда (душанба ва пайшанбадан бошлаб) уч кун рўза тутардилар” (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Ушбу ривоятда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам зуҳлҳижжанинг аввалги тўққиз кунида, Ашуро куни ва ҳар ойда уч кун рўза тутардилар.
Зулҳижжанинг ўнинчи куни Қурбон ҳайити бўлиб, бу кунда рўза тутиш мумкин эмас. Шу сабаб рўза ҳақида гап кетганда “Зулҳижжанинг тўққиз кунида рўза тутиш” ибораси ишлатилади.
Бу кунлар орасида тўққизинчи кунда тутилган рўза, (яъни арафа кунида рўза тутиш) энг аҳамиятли, фазилатли ва улкан савоблар ваъда қилинган амал ҳисобланади. Бу ҳақда Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қилганлар:
“Арафа кунининг рўзаси икки йилга каффоратдир: ўтган йилга ва кейинги йилга” (Имом Байҳақий ривояти).
Бу кунларда имкон қадар Аллоҳни зикри билан шуғулланиш савоби улуғ амаллардан биридир. Бу ҳақда шундай дейилган:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва бирор-бир амал йўқки ушбу ўн кун ва уларда қилинган амалдан афзал ва Аллоҳ азза ва жаллага суюкли бўлса. Шундай экан, шу кунларда таҳлил ва такбирни кўп айтинглар. Чунки, бу кунлар таҳлил, такбир ва Аллоҳ таолони зикр қилиш кунларидир. Бу кунларда тутилган бир кунлик рўза бир йил тутилган рўзага тенг бўлади. Бу кунларда қилинган амалнинг савоби етти юз баробаргача кўпайтириб берилади” (Имом Байҳақий ривояти).
Зулҳижжанинг тўққизинчи куни бомдод намозидан то ўн учинчи кунининг аср намозигача адо қилган намозлардан кейин такбири ташриқни бир маротаба овоз чиқариб айтилади. Такбири ташриқнинг лафзи: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд”.
Аллоҳ таоло барчамизни Зулҳижжа ойидаги ибодатларни бажаришга муваффақ айлаб, ваъда қилинган ажру мукофотлардан насибадор айласин!
Жобирхон Рашидов
Наманган ша ҳ ар “ Хазрати Лангар ” жоме
масжиди имом ноиби