Раддия

ЖИҲОД ТУШУНЧАСИ

ЖИҲОД ТУШУНЧАСИ

Бугунги кунда жиҳод тушунчасини нотўғри талқин қилишниши натижасида кўплаб халқ ва миллатлар бошига ташвишли кунлар соя солмоқда. Ислом шариатида жиҳод фарз, аммо унинг ўзига яраша шарт ва талаблари мавжуд. Шартлар топилмаган тақдирда ҳар қандай уруш ҳам жиҳод саналавермайди. Айниқса ҳозирги асримизда дунёнинг муайян минтақаларида содир бўлаётган нотинчликларга жиҳод тавсифини бериш ноўриндир. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида "Бадр", " Уҳуд" номи билан аталган жанглар жиҳод турига кириши мумкин, сабаби унда мусулмонларнинг Ватани, оиласи ва динига нисбатан очиқ хавф-хатар бор эди. Демак инсон Ватани, оиласи ва динини ҳимояси учун душманга қарши чиқиши жиҳод дейилади. 

Замонамизнинг машҳур олимларидан бири Нуриддин Итр ўз китобида жиҳод масаласида шундай деган - "жиҳод фарздир, аммо шартлари топилмасдан у кучга кирмайди, мабодо шундай бўлган ҳолда аввал шу ҳудуднинг урушга яроқли эркаклари жалб қилинади, агар ғанимнинг қўли баланд келса аввало шу ҳудудга ён қўшни бўлган жойлардан ёрдам олинади, иш шу тартибда давом этади". Юқоридаги фикрга эътибор қиладиган бўлсак алдов йўли билан ҳозирги кунда сунъий "полигон" га айлантирилган ҳудудларга ёшларни чақириб гўё уларга Аллоҳ йўлида жиҳод қиласан дейиш ҳеч бир асосга тўғри келмайди. Қолаверса жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз вақтида жиҳод тушунчасини шундай баён қилдилар. 

Абдуллоҳ ибн Амр айтдилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келди ва эй Расулуллоҳ жиҳод учун сизга қасамёд қилгани келдим деди, унга Расулуллоҳ ота-онанг борми? дедилар. У ҳа деди, унда уларнинг ҳузурида тур бу гўзал жиҳоддир дедилар. 

Толҳа ибн Муовия ас-Суламий айтади: мен Расулуллоҳнинг олдиларига келдим ва эй Расулуллоҳ мен сиз билан ёнма-ён туриб Аллоҳ йўлида жиҳод қилмоқчиман, шу орқали Аллоҳ розилигини топмоқчиман дедим, у зот менга онанг ҳаётми? дедилар. Ҳа дедим. Унинг ёнида тургин дедилар, мен эса онам ўзининг уддасидан чиқади менга муҳтож эмас деб такрор-такрор айтдим, у зоти муборак оёқлари остини лозим тут шу ер жаннатдир дедилар. 

Юқоридаги ҳадисларга эътибор берсак жиҳоднинг асл маъносини англаб етамиз, зеро бу тушунчаларни бизга Расулимиз ўргатдилар. Соллаллоҳу алайҳи васаллам. 

Расулхон Убайдуллаев,
Наманган шаҳар “Яҳёхон тўра” жоме 
масжиди имом ноиби