Ўзбек халқининг бой маданияти ва миллий анъаналари орасида дўппи алоҳида ўрин тутади. У нафақат кийим-бошнинг бир қисми, балки миллатнинг ўзига хослигини, эстетик диди ва маънавий меросини намоён этувчи рамз ҳисобланади.
Ўзбек дўпписи юзлаб йиллардан бери халқимиз турмуш тарзида муҳим ўрин эгаллаб келган. Унинг тарихий илдизлари қадимги Турон ва Мовароуннаҳр замонларига бориб тақалади. Д ўппилар қўлда тикилиб, миллий нақшлар, геометриявий безаклар ва табиий ранглар билан безатила ди . Бу орқали ҳар бир ҳудуд ўзининг маданий белгисини ифодала йди .
Дўппининг турлари ва уларнинг гулларида рамзий маълумотлар бор.
Масалан: Д ўппидаги тўртбурчак шакл и тўрт томондан келаётган дуо ва баракани англатади. Қалампир гули эса “инсонга омад” рамзини ифода этади. Баъзи бир ривоятларда тўртбурчак шакли ислом динини муқаддасоти бўлган каъба, қора ранги каъбапўш рангига мувофиқлаштрилган, оқ гуллари каъбапушни ичидаги ёзувларига қиёс қилинган.
Аждодлармиз дўппи инсоннинг қадри, одоби ва миллий қарашларини, катта ёшли инсонлар учун ҳурмат, ёшлар учун тарбия ва ватанпарварлик руҳини уйғотувчи рамз санашган. Баъзи ҳудудларда дўппи туҳфа сифатида берилиб, у орқали эҳтиром ва дуо билдирилади.
Замонавий ҳаётда ҳам дўппи ўз ўрнини йўқотгани йўқ. Миллий байрамлар, тўйлар, расмий тадбирлар ва миллий либослар кўргазмаларида дўппи бардавом кийим сифатида қадрланади. Ҳатто дизайнерлар ҳам бу миллий бош кийимни замонавий модаларга мослаштириб, янги нафас бағишлашмоқда.
Ўзбек дўпписи — бу халқимизнинг маънавий қўрғони, миллий ифтихори ва ўтмиш билан боғловчи кўприкдир. Уни асраш, қадрлаш ва келажак авлодларга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Чунки миллий қадриятлар йўқолса, миллатнинг руҳи ҳам заифлашади.
Обидхон Икрамов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакили биринчи ўринбосари