Маълумки, закот – Исломнинг бешта асосий устунидан бири бўлиб, ҳижратнинг иккинчи йили, Рамазон рўзаси фарз қилинган йили жорий этилган.
Закот луғатда «поклик», «кўпайиш» ва «барака» маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса: «Муайян молдан Аллоҳ белгилаган миқдорни У Зот кўрсатган тоифаларга мулк қилиб беришдир».
Закот бериш билан киши ўз молини фақирлар ҳаққидан поклайди. Бу илоҳий низом сабабли бойнинг молига барака киради ва турли офатлардан омон қолади. Қуръони каримнинг 32 жойида закот зикр қилинган бўлса, шундан 28 тасида у намоз билан бирга келган. Бу эса, Исломда намоз билан закотнинг мартабаси нақадар яқинлигини, бирини бажариб, иккинчисига эътиборсиз бўлиш мумкин эмаслигини кўрсатади.
Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай деган: “Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз” (Нур сураси, 56-оят).
Рамазон ойида бажариладиган яхши амалларга ажрлар бир неча баробар кўпайтириб берилишидан умид қилиб мўъмин-мусулмонлар закотларини ушбу ойда беришга одатланишган. Лекин закотни бошқа ойларда бериш ҳам мумкин.
Закот бериш Қуръон, суннат ва ижмоъ билан фарз қилинган. У фақатгина хайрия эмас, балки бойнинг зиммасидаги муҳтожларнинг ҳаққидир. Қуйидаги ояти карима закот бериш фарз эканлигига далил ҳисобланади. “Уларнинг мол-мулкларидан у сабабли уларни поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг...” (Тавба сураси, 103-оят).
Бойлар бир қисм молларини камбағалларга беришлари фарз қилинган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва бечора учун маълум ҳақ бордир” (Маориж сураси, 24-25-оят).
Закот бой ва камбағални бир-бирига яқинлаштиради, бой киши ёрдам қилиш севинчи билан яшаса, камбағал эса ўз қалбида бойга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ҳиссини туяди ва хасислик ўртадан кўтарилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:“Қачон молингнинг закотини адо қилсанг, албатта, зиммангдаги бурчни бажарибсан” (Имом Термизий ривояти).
Закотни қасддан бермай кечиктириш гуноҳдир. Ҳатто Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ закотдан бўйин товловчининг гувоҳлиги қабул қилинмаслигини айтганлар. Аксинча, закотини берган инсоннинг моли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам Аллоҳнинг ҳифзида бўлади.
Закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланиши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Молларингизни закот (беришлик) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (беришлик) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз” (Имом Абу Довуд ривояти).
Афсуски, баъзилар мол-дунёга эга бўлгунларича, закотни ўз вақтида адо этишни қайта-қайта такрорлашдан чарчамасалар ҳам, мол-мулкка эга бўлганларидан кейин закот беришдан бош тортиб, бахиллик қиладилар.
Шайтон закот берувчи кишига гўё молини қирқдан бирини берса, моли озайиб кетадигандек васваса қилади. Бироқ молни фақирга бериш билан мол ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади. Бунга қўйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди” (Имом Термизий ривояти).
Закотда закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор. Шунингдек, у туфайли мулкдор тарафнинг қалби, покланиб, руҳий томондан ўсиб бориши юзага келади.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло ўз бандасига жон неъматини ва мол неъматини бергандир. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир, молиявий ибодатлар эса, мол неъматининг шукридир”.
Закот бериши фарз бўлган киши ўз вақтида закотини чиқариб бермаса, моли ҳалокатга учраши ҳақида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Қачон бир молга закот аралашса, албатта, уни ҳалок қилади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, закот бериш қолган молнинг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими, баракали бўлишига ва турли бало офатлардан сақланишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни закотни чин дилдан берувчилардан қилсин.
Анвархон АКРАМОВ,
Наманган шаҳридаги “Мулла Бозор Охунд”
жоме масжиди имом-ноиби