Байрам ва марака маросимлари

ХОТИРА МУҚАДДАС

ХОТИРА МУҚАДДАС

Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир. Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади. 9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди. Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.

Қуръони каримда Парвардигори олам:  “Улардан кейин  (дунёга)   келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбиларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан” , деб марҳамат қилади  (Ҳашр сураси, 10-оят) . Ушбу оят вафот этган кишиларнинг орқаларидан хайрли дуолар билан эслаш яхши амаллардан эканлигига далолатдир.  

Мустақил Ўзбекистон халқи ва давлати аввал-бошдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди. Ана шу асосларга кўра, мустақиллик йилларида ҳам бизда 9 май умумхалқ байрами сифатида, 1999 йилдан бошлаб эса Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонлаймиз. Дарҳақиқат, Мустақил давлатнинг байрамлари ҳам халқ табиати ва анъаналарига мос бўлиши керак. Чунки ҳар бир халқ қандай яшаши, нимани қадрлаши, қайси саналарни тантана қилишини ўзи ҳал этади. Бунда ўз тарихидан келиб чиқади, бугунини ўйлайди ва келажагини кўзда тутади.

Халқ хотираси деганда киши кўз ўнгидан Ватан ибтидосидан бугунига қадар шу юрт, шу халқ деб курашган, куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, шу йўлда жон фидо қилган не-не буюк зотлар бир-бир ўтади. Спитамен, Широқдан Туркон Хотун, Маҳмуд Торобийгача, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбекдан Заҳириддин Муҳаммад Бобургача, Жалолиддин Мангубердидан, Нажмиддин Куброгача ёдга тушаверади. Хотира ва Қадрлаш куни чинакам миллий–умумхалқ байрамига айланди. Шу куни Ўзбекистоннинг барча қабристонларидан зиёратчилар аримайди. Бу байрамда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар шўро сиёсатининг бегуноҳ қурбонлари сифатида эсланади, умуман, ўтганлар руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.

Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди. Мамлакатимизда Хотира ва Қадрлаш кунини, Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш, юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда бу муқаддас айёмни юксак савияда нишонлашга қаратилган.

Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз-Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг,  тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат. Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди. Зеро хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир.

Манбалар асосида тайёрланди.

 

Ғуломжон Саттаров

Наманган туман “Ал-Масжидун Набавий” жоме  
 масжиди имом ноиби