Хотира ва қадрлаш куни — бу шунчаки тақвимдаги сана эмас, балки ўтганларни ёд этиш, тирикларнинг қадрига етиш ва бугунги тинч кунларнинг шукронасини адо этиш байрамидир. Муқаддас динимиз таълимотида ҳам инсон қадри, унинг хотирасини эъзозлаш ва тинчликни асраш энг олий фазилатлардан ҳисобланади.
Инсон вафот этса-да, унинг қолдирган хайрли ишлари ва яқинларининг дуоси орқали хотираси яшайверади. Қуръони Каримда марҳамат қилинади:
«Улардан кейин (дунёга) келганлар айтурлар: «Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират қилгин...» (Ҳашр сураси, 10-оят).
Ушбу ояти карима бизга ўтган аждодларимизни, Ватан озодлиги ва оиласи фаровонлиги йўлида хизмат қилиб, бугунги кунда вафот этган азизларимизни эслаш, уларнинг ҳаққига дуо қилиш лозимлигини ўргатади.
Қадрлаш — бу аввало ёнимиздаги нуроний отахон ва онахонларимизни, фахрийларимизни эъзозлаш демакдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг қадрини (ҳаққини) билмаган киши биздан эмас» (Имом Термизий ривояти).
Бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун замин яратган, ҳаёт мактабида бизга йўл кўрсатувчи бўлаётган кексаларимизни эъзозлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш — ҳар бир фарзанд учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Хотира ва қадрлаш куни бизни атрофдаги осойишталикни қадрлашга ундайди. Тинчлик бўлмаган жойда тараққиёт ҳам, ибодат ҳам, бахт ҳам бўлмайди. Ҳадиси шарифда айтилганидек: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар — соғлик ва хотиржамлик (тинчлик)дир» (Имом Бухорий ривояти).
Хулоса шуки, биз аждодларимизнинг жасорати ва матонатини ёдда сақлар эканмиз, бугунги дориламон кунларга ўз-ўзидан эришилмаганини англаймиз. Ватанни севиш, унинг равнақи йўлида меҳнат қилиш ва кексаларимизни ардоқлаш — маънавий бурчимиздир.
Зеро, хотираси бор халқнинг келажаги порлоқ, қадри баланд миллатнинг эса мартабаси улуғ бўлади. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, хотирамиз ҳамиша уйғоқ бўлсин!
Қодиржон Умурзақов
Поп тумани “Муҳаммаджон қори”
жоме масжиди имом-хатиби