Байрам ва марака маросимлари

ВАТАНГА МУҲАББАТ – НОЗИК ТУЙҒУДИР

ВАТАНГА МУҲАББАТ – НОЗИК ТУЙҒУДИР

Ислом ватанга муҳаббат қўйиш ва мансубликни ақиданинг бир бўлаги этиб, ватан тупроғини ҳимоя қилишни муқаддас бурч қилиб қўйди.

Она Ватанимиз Яратган томонидан бизларга инъом этилган илоҳий неъматдир. Ватан инсоннинг киндик қони тўкилган хонадон тупроғидан бошланади. Шу боис инсон илк бор нафас олиб, улғайиб вояга етган оназаминга меҳр-муҳаббат ва садоқатда бўлиши, унинг ҳар бир ҳовуч муқаддас тупроғини кўзларига тўтиёдек суртиши, унга нисбатан бир умр фарзандлик ҳисси билан яшаши унинг учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Уни кўзқорачиғидай асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш нафақат Ватан ҳимоячиларининг, балки, шу ўлкада истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг бурчидир. Инсон бу дунёга келар экан, ўзига берилган неъматларнинг қадрига етиб, шукр қилиб яшаши керак. Жонажон диёримизни ҳам асраб-авайлаш бизга аждодларимиздан қолган муқаддас ва шарафли вазифадир. Тарихга назар солсак, боболаримиз ҳам Ватан учун ўз жонларини фидо қилганлар, унинг ҳурлиги, тинчлиги йўлида курашганлар. Жалолиддин Мангуберди, Темур Маликлар она юртини мўғул босқинчиларидан ҳимоя қилиш учун ўз ҳаётини қурбон қилган бўлсалар, Соҳибқирон Амир Темур Ватаннинг фаровонлиги, ободлиги, тинчлиги йўлида улкан ишларни амалга оширганлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Авлоний, Мунавварқори сингари боболаримиз миллатнинг эртаси, Ватаннинг озодлиги, тарққиёти йўлида шаҳид бўлганлар. Биз она юртимизни ҳимоя қилишни, уни асрашни шу инсонларнинг фаолиятларидан ўрганишимиз лозим. Бу улуғ зотларнинг ибратли ҳаёти бугунги кун ёшлари учун ўрнакдир. 

Дарҳақиқат, азизлар. Мамлакатимизда “14-январ – Ватан ҳимоячилари куни” деб миллий байрам сифатида нишонланади. Бугунги тинч, осойишта ҳаётимизни асраб-авайлашда қуролли кучларимизнинг ўрни беқиёсдир. Ана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган ҳамюртларимиз шаънига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Шураҳбийл ибн Самитнинг ёнидан ўтдилар. Шураҳбийл ўша вақтда Форсларнинг бир қалъасини ҳимоя қилиб турган эди. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Шураҳбийлга айтдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман: “Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиш кишининг бир ой нафл рўза тутиб кечалари нафл ибодат қилгандан яхшидир. Ким посбонликда ўлса, қабр фитнасидан мудофаа қилинади, унинг ҳар бир амали қиёматгача яхши амал қилгани каби ўсиб боради”, - деб марҳамат қилганлар. 

Ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлардан ҳимоя қилиш бу – инсоннинг ўз уйи, оиласи, қариндош-уруғи ҳамда динини ҳимоя қилишидир. Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, ўзи ва оиласи бахтли-саодатли ҳаёт кечиради, тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади. 

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Улғайиб келаётган ёш авлодга ватанпарварлик руҳида тарбия бериш билан, ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш, огоҳлик ва хушёрликни оширишга чорлаш йўллари Билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам иймоний бурчга, мусулмон кишининг масъулиятига киради.

 

Нуриддин Хамрақулов,
Учқўрғон тумани “Саттибой халфа” жоме 
масжиди имом ноиби