Ватан муҳаббати нақадар улуғдир!
Имом-Бухорийнинг “Ал-Жомеъ-ас-Сахих” тўпламида Ватанни қўмсаш, уни севиш ҳақида бир хадис шарифда шундай дейилади: Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи-Мунавварага келганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Билол розияллоҳу анҳулар истималаб қолишди. Мен уларнинг хузурига кириб: “Эй падари бузриквор
(яъни Абу Бакр), эй Билол ўзингизни нечук ҳис этмоқдасизлар?, деб сўрадим. Хазрати Абу Бакр иситма зўриққанда: “Уйимда бўлсайдим жон чиқар маҳал, Пояфзал ипидан яқиндир ажал”-дер.
Хазрати Билол иситма бироз пасайганда, йиғлаб: “Тақдирим не эрур билмасман э воҳ, Бошимга ажалдан келурми сипоҳ? Бир кеча бўлса ҳам она водийим, қўйнида ётсайдим, меҳрибон Аллоҳ! қониб ичсам эрдим, шаффоф сувларин, Қанийди, ташласам унга бир нигоҳ!”-дер эдилар. Кўриниб турибдики, бу икки сахоба Пайғамбаримиз Муҳаммад сололлоҳу алайҳи ва саллам билан бирга яшаш бахтига муяссар бўлсаларда, ўз Ватанларини соғиниб яшаганлар.
Ватан муҳаббатини Ҳазрати Низомиддин Алишер Навоий жуда чиройли ифодалаганлар:
Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,
Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.
Ҳалқнинг бошига оғир кун келганда жонини сақлаш учун ватанни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмайди. Халқимизда “ўзга юртда шоҳ бўлгандан ўз юртингда гадо бўл”, деган хикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унитган киши ҳеч қачон она ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди. Буюк аждодимиз Нажмиддин Кубро Ватан ҳимояси қандай бўлишининг ёрқин мисоли бўла олади. У зот юртига мўғуллар бостириб кирганидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул хукмдорлар Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишини таклиф қилади. Ватанни ўз жонидан устун қилган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жанга киради ва туғ кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётганда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, байроқни бармоқларини кесибгина олишга муваффақ бўлишади. Хакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади.
Абдураҳмон Отабаев,
Наманган тумани “Мирхомид” жоме
масжиди имом хатиби.