Жамият аъзоларига муносабат

ВАТАН – МУҚАДДАС ЖОЙ

ВАТАН – МУҚАДДАС ЖОЙ

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, унинг зурриёдларини Ер юзига тарқатди. Одам ато ва Момо Ҳавводан тарқалган инсоният турли миллат ва элатларни ташкил қилиб, маълум ҳудуд ва маконларни ўзлари учун маскан тутдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик…”, – дейилган (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, шу ер унинг учун Ватан, ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган қадрли макон ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни Маккаи мукаррамага юзланиб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан бошқа юртларга кетган киши киндик қони томган диёрини қумсаб маъюс тортиши ва у ҳақда бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши бор гап.

Ватаннинг ҳавоси, суви, тупроғи – барчаси шифо. Аждодларимиз узоқ йўл босиб келган меҳмонга дастлаб қатиқ бергани боиси шуки, аввало, қатиқ чарчоқни олади, қолаверса, мусофирнинг юртга мослашишида асқатади.

Набий алайҳиссалом бирор киши бетоблигидан шикоят қилиб келса, бармоқларини муборак сўлаклари билан ҳўллаб, сўнгра тупроққа суриб, касалга суртиб дам солганлар.

Бу ҳақда Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Қачон бир инсоннинг тоби қочса ёки ярами, жароҳатми пайдо бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам панжаларини бундоқ қилиб кўтарар ва: “Бисмиллаҳи, турбати арзина. Бирийқоти баъзина. Лиюшфа биҳи сақиймуна. Би изни Роббина” (яъни, Аллоҳнинг исми ила дам солурман. Еримизнинг тупроғи ва биримизнинг тупуги ила. Раббимизнинг изни ила бемор шифо топсин), дердилар» (Имом Бухорий ривояти).

Инсон ўзи яхши кўрган нарсасини ҳидласа ҳам шифо бўлади. Шунинг учун яхши кўришганлар бир-бирлари билан кўришишлари даво турларидан ҳисобланади. Яъқуб алайҳиссалом ўғиллари Юсуф алайҳиссалом соғинчида кўзлари ожиз бўлиб қолди. Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлакларини бошларига ташлаганларида кўрмай қолган кўзлари шифо топди.

Аллоҳ таоло азиз Ватанимизнинг муҳаббатини барчамизнинг қалбимизга жо айласин! Жаннатмонанд диёримизнинг истиқлолини абадий қилсин!

Содиқжон Абдураҳманов,
Косонсой тумани “Бузругхўжа”  жоме 
масжиди имом хатиби