Жамият аъзоларига муносабат

ВАТАН МУҚАДДАС ГЎШАДИР!

ВАТАН МУҚАДДАС ГЎШАДИР!

Бежизга Ватан сўзига она сўзини ҳам қўшиб, она-Ватан дейишмайди. 

Боиси, Ватан онамиз каби буюк ва муқаддас. Онамизни қанчалик ардоқласак ҳамда севсак, туғилиб-ўсган юртимизга ҳам шунчалик муҳаббат қўйишимиз шарт. Зеро, бежизга ота-боболаримиз “Ватанни севмоқ иймондандир” дейишмаган. Юртимизнинг ҳар бир гўшаси биз учун азиз ва муқаддас. Чунки таваллуд топган кунингиздан бошлаб, вафотингизга қадар ўз юртингизда яшайсиз, унинг ноз-неъматларидан баҳраманд бўласиз, ҳунар ўрганасиз, билим оласиз ва ҳоказо. Вафотингиздан кейин ҳам ўз юртингиз тупроғига қўйиласиз.

Авлодларимизга ҳам шу Ватанни мерос қолдирамиз. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг изни билан Маккадан Мадинага ҳижрат қилаётганларида ўз туғилиб-ўсган масканлари Макка шаҳрига қараб, кўзлари ёшланган ва уни яхши кўришлари, аммо маълум сабабларга кўра, тарк этишга мажбур бўлаётганликларини таъкидлаган эканлар.

Буюк шоҳ ҳамда шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур тақдир тақозоси билан Мовороуннаҳр ва Хуросонни ташлаб, Ҳиндистонга кетишга мажбур бўлади. Гарчи Бобур Мирзо ўша пайтда каттагина ҳудудга эга бўлган Ҳиндистонни (Бобур ҳозирги Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш мамлакатларини бошқарган) забт этиб, ўша юрт ҳукмдори бўлса-да, бир умр ўз Ватанини қўмсаб ўтди, юрт ҳажрида шеърлар ёзди. 

Бир куни Фарғонадан олиб келинган қовунни Бобур Мирзонинг олдига олиб киришади. Болалиги ўтган масканнинг қовунини кўриб, Бобур ўз юртини соғиниб, йиғлаб юборади ва: “Ватан ишқида юрагим бўлди қовундек тилим-тилим” дейди. Шундай буюк ҳукмдор ҳам Ватанидан айро яшагани учун афсус чеккан, ўз юртининг бир парча тупроғи кўз ёш тўккан, борини берган.

Ҳамшаҳримиз Бобораҳим Машраб ҳам илм истаб, Наманганни тарк этишга мажбур бўлиб, ўзга юртда унга бағишлаб, шеърлар ёзади.

Наманган шаҳридан кетсам, мени йўқлар кишим борму, Ғариблик шаҳрида ўлсам, мени йўқлар кишим борму? дея ғазал ёзган шоирнинг таваллуд айёми ҳар йили вилоятимизда кенг миқёсда нишонланади, Наманганда Машраб номидаги кўчалар бор. Қисқасини айтганда, ватанпарвар шоирини халқимиз шундай улуғламоқда.

Қисқаси, халқимизнинг шундай буюк кишилари ҳам Ватан ҳажрида йиғлаб ўтишган.

Афсуски, кимлардир Ватанимиз тупроғига зор бўлса, айримлар шундай муқаддас юртимизнинг қадрига етмай, аллақандай ёт оқимларга қўшилиб, душманлик қилишмоқда. Ўз Ватанига қурол ўқталган, унинг юзига оёқ қўйган инсон ҳеч қачон кўкармайди. Унинг юзи доимо қора бўлади. 

Ўз халқини ўйлаб, унинг фаровонлиги, тараққиётга эришиши, республикамизни ривожланган давлатлар қаторида кўришни истайдиган, келажагимиз бўлган ёшларга барча шароитларни яратиб берган Юртбошимиз каби мамлакат раҳбари, Ўзбекистонимиздек жаннатмакон, тупроғи олтинга тенг, дастурхони тўкин-сочин юрт яна қаерда бор? 

Республикамизда ёшларнинг ҳунар ўрганишлари, билим олишлари ва хоҳлаган спорт турлари билан шуқулланишлари учун барча шароитлар яратилган. Бу эса юртимизнинг келажаги порлоқ, ишончли қўлларда эканлигидан далолат.

Хориж сафарларида юрганимда, ўзга юрт вакиллари Ватанимизга, Юртбошимизга ҳавас қилишларини кўриб, фахр ҳиссини туяман, ғурурланаман, шундай юртда яшаётганимга шукрона айтаман. 

Шундай ажойиб, жаннатмакон юртда яшаётганлигидан ҳар бир ҳамюртимиз фахрланиши, бунга шукрона айтиши лозим. 

Бир сўз билан айтганда, Ватан – муқаддас гўшадир!

Абдулбосит Мамадалиев,
Янги Наманган тумани “Абдуллоҳ ибн Масъуд” жоме 
масжиди имом ноиби