Ватан — инсон туғилиб ўсган, тили, дини, қадриятлари, хотиралари билан боғлиқ бўлган муқаддас макондир. Ватанга муҳаббат инсон қалбига табиий равишда жо бўлади. Уни ҳимоя қилиш эса ҳар бир фуқаронинг инсоний, ахлоқий ва ҳуқуқий бурчидир. Ислом таълимотида ҳам, дунёвий қонунларда ҳам Ватан ҳимояси юксак қадрият сифатида эътироф этилган.
Ислом дини инсонни тинчликка, адолатга ва жамият хавфсизлигига чақирган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «…Ўзингизга зулм қилинса, ҳимоя қилинг…» (Шўро сураси, 39-оят)
Бу оятдан маълум бўладики, зулмга қарши туриш, ҳаёт, юрт ва номусни ҳимоя қилиш шариатга мувофиқ ишдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан чиқиб кетар эканлар, шундай деганлари ривоят қилинади: «Эй Макка! Сен менга энг суюкли юртсан. Агар қавмим мени чиқариб юбормаганида, сени тарк этмас эдим».
Бу ҳадис Ватанга бўлган муҳаббат Пайғамбар суннати эканини очиқ-ойдин кўрсатади.
Кўпчилик Ватан ҳимоясини фақат ҳарбий хизмат ёки жанг билан боғлайди. Аслида эса Ватанни ҳимоя қилишнинг шакллари жуда кўп: қонунларга риоя қилиш; ёшларни соғлом ақида ва маърифат асосида тарбиялаш; илм олиш ва жамият тараққиётига ҳисса қўшиш; тинчликни асраш, иғво ва бузғунчиликка қарши туриш; ҳалол меҳнат билан юрт равнақига хизмат қилишлар ҳам Ватан ҳимоясининг муҳим кўринишларидир.
Агар ёш авлод ватанпарварлик, исломий ахлоқ, миллий қадриятлар руҳида тарбияланмаса, ҳар қандай ҳарбий қудрат ҳам етарли бўлмайди. Шу боис ота-она, устоз ва жамият зиммасига катта масъулият юкланган. Ёшларга Ватанни севишни эмас, унга хизмат қилишни ўргатиш зарур.
Исломда тинчлик улуғ неъмат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларида: «Аллоҳим, бизга хавфсизлик ва омонлик ато эт!» деб илтижо қилганлар. Чунки тинчлик бўлмаса, ибодат ҳам, илм ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди. Демак, Ватан тинчлигини сақлаш ҳам уни ҳимоя қилишнинг энг олий даражасидир.
Ватан ҳимояси — фақат ҳарбийларнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир. У имон, виждон, маърифат ва амал билан боғлиқ муқаддас бурчдир. Ҳар ким ўз ўрнида ҳалол ва сидқидилдан хизмат қилса, юрт тинч, келажак мустаҳкам бўлади. Ватанни асраш — Аллоҳ берган неъматни асрашдир.
Абдулҳаким Сўфиев,
Янги Наманган тумани “Саид Собитхон” жоме
масжиди имом-хатиби