Ақидадан адашмайлик

ВАСИЛА ҚИЛИШ

ВАСИЛА ҚИЛИШ

Васила луғатда “у билан ўзгага яқин бўлинадиган нарса” маъносини англатади. Истилоҳда эса “дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилиш,  васила деб аталади”. Васила дуонинг мақбул бўлиш даражасини кўтариш мақсадида қилинади.

Васила бу – Аллоҳнинг исм ва сифатлари, Пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳ бандалар, шунингдек яхши амалларни восита қилиб Аллоҳ таолога дуо қилишдир. Бу иш аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, жоиз амал ҳисобланади

Ҳозирги кунда баъзи инсонлар билимсизлик билан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ёки солиҳ инсонларни дуосида васила қилаётганларни кофирга чиқариб, уларга “мушрик” номини тамға қилиб қўймоқдалар.

Аҳли сунна уламолари ўз асарларида васила қилишнинг жоиз эканига оят ва ҳадислардан қатор далилларни келтиришган. 

Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин инсонларни васила қилишга амр қилиб шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга васила (восита) излангиз”  (Моида сураси, 35-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонларга Ўзига васила излашларини буюрмоқда. Тафсир китобларида василани Аллоҳнинг исм ва сифатлари, яхши амаллар, пайғамбарлар ва солиҳ бандалар экани айтилган.

Усмон ибн Ҳаниф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир кўзи ожиз киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Аллоҳга дуо қилинг, менга шифо берсин”, деди. “Хоҳласанг дуо қиламан. Хоҳласанг сабр қил. Бу сен учун яхшидир”, – дедилар”. “Дуо қилинг”, – деди. Уни яхшилаб таҳорат қилишга ва ушбу дуони ўқишга амр қилдилар: “Аллоҳим! Албатта, мен Муҳаммад – раҳмат Пайғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, ушбу ҳожатим раво бўлиши учун Роббимга сизни васила қилиб юзландим. Аллоҳим! У Зотнинг мен ҳақимдаги шафоатини қабул қил”. Шундан сўнг унинг кўзи очилган ҳолда қайтиб кетди (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари).

Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кўзи ожиз инсонга дуо қилаётганда Пайғамбарни васила қилиб сўрашни ўргатдилар. Шунга биноан, инсонлар дуоларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ўртага қўйиб ҳожатларини сўрашлари мана шу ҳадисга мувофиқ бўлади.

Манбаларда саҳобаларнинг ҳам васила қилганлари келтирилади. Бу борада Ҳазрати Умарнинг қурғоқчилик вақтида қилган қуйидаги василалари жуда машҳурдир.

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қурғоқчилик вақтида Аббос ибн Абдулмутталиб ила Аллоҳдан сув сўраб қуйидагича дуо қилар эди: “Эй Аллоҳим! Биз Сенга Пайғамбаримиз ила васила қилар эдик ва Сен бизни сув билан сероб қилар эдинг. Энди биз Сенга Пайғамбаримиз амакисини васила қиламиз. Бизни сув билан сероб қилгин”. Натижада улар сув билан сероб қилинар эдилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Аҳли суннанинг тўрт мазҳаб уламолари томонидан васила қилишнинг жоиз эканлиги, унинг турлари ҳамда мумкин бўлмаган тавассул масаласини кенг ёритиб берганлар. Жумладан, бир қатор ҳанафий, моликий, шофиий ва ҳанбалий олимлар бу борада асарлар ёзган.

Аллоҳ таоло барчалармизни доим тўғри йўлдан адаштирмасин ва дуоларимизни мустажоб этсин.

Юнусхон Умаров,
Косонсой туман “Садпири Комил” жоме 
масжиди имом хатиби