Жамият аъзоларига муносабат

УСТОЗНИНГ ТАНБЕҲИ — ШОГИРД УЧУН РАҲМАТ

УСТОЗНИНГ ТАНБЕҲИ — ШОГИРД УЧУН РАҲМАТ

Инсон ҳаётида унга йўл кўрсатган, қўлидан ушлаб, билмаганини ўргатган устознинг ўрни беқиёсдир. Ота инсоннинг дунёга келишига сабаб бўлса, устоз унинг маънавий камолотига сабабчи бўлади.

Афсуски, бугун баъзи шогирдлар устознинг қадрини билмайди. Устознинг насиҳатини оғир олади, танбеҳини ёмон кўради, ўзининг хатосини тўғрилаш ўрнига устозидан норози бўлади. Ҳатто баъзилар устозга хилоф иш қилишни ўзича «мустақиллик» ёки «эркинлик» деб ўйлайди. Аслида эса устозга беодоблик — илмга нисбатан беодобликдир.

Устознинг танбеҳи — душманлик эмас

Ҳар бир устоз шогирдининг камолини истайди. Унинг хатосини кўрса, тўғрилайди; камчилигини кўрса, огоҳлантиради; билмаганини ўргатади. Баъзан шогирд устозининг қаттиқроқ гапидан ранжиши мумкин. Аммо бу гапнинг ортида шогирднинг келажаги турган бўлади. Бола бугун устозининг танбеҳидан хафа бўлса, эртага ўша танбеҳ унинг ҳаётини асраб қолганини тушуниб этади.

Шунинг учун ҳар бир шогирд ўзидан сўрасин:

«Устозим менга нима учун танбеҳ беряпти? Менинг нафсим оғрияптими ёки келажагим учун қайғуряптими?»

Қуръон илм аҳлининг мақомини юксак қўйди

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Билмасангиз, зикр аҳлларидан сўранглар» (Наҳл сураси, 43-оят).

Бу оят инсон билмаган нарсасини илм аҳлидан ўрганиши кераклигини кўрсатади.

Яна Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни даражаларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят).

Демак, илм — инсонни юксалтирувчи неъмат. Илмни етказувчи устоз эса ана шу неъматнинг шогирдга етиб боришига сабабчи бўлувчи инсондир.

Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васаллам уламоларнинг ҳаққини тан олишга чақирдилар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:«Ким кичигимизга раҳм қилмаса, каттамизни улуғламаса ва олимимизнинг ҳаққини танимаса, биздан эмас».

Бу ҳадис Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Ҳадис маъноси Имом Термизий ва Имом Аҳмад каби муҳаддислар ривоятларида келган.

Устознинг ҳаққини тан олиш — уни хато қилмайдиган инсон деб билиш дегани эмас. Устоз ҳам инсон: хато қилиши мумкин. Аммо унинг илм ўргатгани, тарбия бергани ва шогирдга яхшиликни истагани учун ҳурматини сақлаш — олий одобдир.

Шогирднинг чала саводи — устоз учун оғир алам

Бир шогирд дарсга келади, бир неча йил ўқийди, аммо илмни пухта эгалламасдан кетади.

Ота-онаси эса: «Фарзандим ўқиб чиқди, энди ҳаммасини билади», деб ўйлаши мумкин.

Шогирднинг ўзи ҳам: «Мен ўқидим, дипломим бор, бас», деб ўзини билимдон санаши мумкин.

Аммо устоз унинг қаерда тўхтаб қолганини, қайси асосий билимларни эгалламаганини, қайси хато тушунчалар билан кетиб қолаётганини яхши билади. Шу сабабли шогирднинг чала савод билан кетиши устоз учун оддий ҳолат эмас. Бу — йиллар давомида қилинган меҳнатнинг самарасиз қолишидан куйинишдир.

Айниқса, илм диний илм бўлса, масъулият янада катта. Чунки яримта билим билан гапирган инсон баъзан ўзини ҳам, бошқаларни ҳам адаштириб қўйиши мумкин.

«Устознинг гапини эшитмайман» дейиш — мустақиллик эмас

Баъзи шогирдлар устоздан бир-икки нарса ўрганиб, кейин ўзини устозидан ҳам билимдон деб ҳисоблай бошлайди. Бу — илмнинг эмас, нафснинг манманлигидир.

Илм инсонни камтар қилади. Илми ортган сари инсон ўзининг қанчалар оз билишини англайди.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг устозларига бўлган ҳурмати ҳақида уламолар кўплаб мисоллар келтирганлар. У зот устозларининг ҳузурида одобни ниҳоятда гўзал сақлаганлар. Чунки ҳақиқий илм аҳли илмнинг фақат матнини эмас, одобини ҳам ўрганади.

Ота-она ҳам бу масъулиятни ҳис қилиши керак

Фарзандини устозга топширган ота-она фақат: «Боламни ўқитинг», деб қўймаслиги керак. Балки: «Фарзандимга илм билан бирга одобни ҳам ўргатинг», деб ишониши лозим.

Шунингдек, фарзанди устозидан танбеҳ олса, дарҳол фарзандининг ёнини олиб, устозни айблашга шошилмаслиги керак. Аввало: «Нима учун устозингиз бундай деди?» деб сўраш лозим. Чунки фарзанд ҳар доим ўзини оқлашга ҳаракат қилади. Аммо устоз кўпинча фарзандда ота-она кўрмаётган камчиликни кўради.

Илмнинг баракаси — одоб билан

Устозга ҳурмат — устознинг шахсияти учун эмас, аввало илмнинг қадри учун керак. Шогирд устозининг олдида ўзини камтар тутса, унинг қадри тушмайди. Аксинча, шогирднинг ўзи юксалади.

  • Устозга эҳтиром кўрсатган шогирд хор бўлмайди.

  • Устознинг насиҳатини қабул қилган шогирд кам бўлмайди.

  • Устозининг ҳаққини тан олган шогирд ўз қадрини йўқотмайди.

Аксинча, устозни менсимаслик орқали инсон илмнинг баракасидан маҳрум бўлиши мумкин.

Бир ҳикматни ёдда тутайлик

Устознинг қўлидан ушлаб ўрганилган бир ҳарф ҳам инсон ҳаётида ўчмас из қолдиради. Шунинг учун халқимиз: «Устоз — отангдек улуғ», деб бежиз айтмаган.

Аммо бу улуғликни фақат тилда эътироф этишнинг ўзи кифоя эмас. Устознинг ҳаққи унинг олдидаги одобда, насиҳатини қабул қилишда, илмни пухта эгаллашда ва ўргатганларини ҳаётда намоён этишда кўринади.

Хулоса

Эй шогирд!

Устозинг сенинг камчилигингни айтса, дарҳол ундан хафа бўлма. У сени ёмон кўргани учун эмас, балки сенинг яхши инсон бўлишингни истагани учун айтган. Устозингнинг танбеҳини бугун оғир қабул қилсанг ҳам, эртага унинг ҳар бир сўзида меҳр борлигини англайсан.

Устоздан қочган шогирд илмдан эмас, ўз камчилигини кўрсатадиган кўздан қочади.

Устозни менсимаган шогирд ўзининг илмга муҳтожлигини унутади.

Чала илм билан кетган шогирднинг камчилиги — унинг ўзига зарар; аммо унинг хатоси бошқаларга ўтиб кетса, мусибат янада каттароқ бўлади.

Шунинг учун устозларни қадрлайлик, уларнинг насиҳатларига қулоқ тутайлик, илмни чала эмас, пухта эгаллашга ҳаракат қилайлик. Зеро, устозга эҳтиром — илмга эҳтиром, илмга эҳтиром эса инсоннинг ўзини ҳурмат қилишидир.

Муҳиббуллоҳ Худайбердиев

Тўрақўрғон тумани бош имом-хатиби