Жамият аъзоларига муносабат

УСТОЗЛИК ВА МУРАББИЙЛИК — ОЛИЙ МАҚОМДИР

УСТОЗЛИК ВА МУРАББИЙЛИК — ОЛИЙ МАҚОМДИР

Инсон ҳаётида унга йўл кўрсатадиган, илм ўргатадиган, яхши билан ёмонни ажратишга, эзгулик ва фазилатларни эгаллашга ундайдиган инсонларнинг ўрни беқиёсдир. Бундай зотлар — устоз ва мураббийлардир. Устозлик оддий касб эмас, балки катта масъулият, шараф ва юксак мақомдир. Чунки устоз инсонга фақат билим берибгина қолмай, унинг дунёқараши, ахлоқи ва келажаги шаклланишига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.

Ислом динида илм ва илм аҳлига юксак мартаба берилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят) . Бу оят илмнинг ва илм эгаларига берилган мақомнинг нақадар юксак эканини кўрсатади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам илм ўргатиш ва инсонларни яхшиликка чақиришни улуғ вазифа сифатида кўрсатганлар. У зот: «Сизларнинг яхшиларингиз — Қуръонни ўрганган ва уни ўргатганларингиздир», — деганлар (Имом Бухорий ривояти) .

Демак, ҳақиқий устозлик — инсонга берилган билимни бошқаларга етказиш, уларни эзгуликка бошлаш ва жамиятга фойдали инсонларни тарбиялашдан иборатдир.

Устозлик — пайғамбарлар меросидир

Инсонларга ҳақиқатни ўргатиш, уларни тўғри йўлга бошлаш пайғамбарларнинг асосий вазифаларидан бири бўлган. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида шундай марҳамат қилади: «У уларга Ўзининг оятларини тиловат қилади, уларни поклайди ва уларга Китоб ҳамда ҳикматни ўргатади» (Жума сураси, 2-оят) .

Бу оятда таълим бериш билан бир қаторда тарбия ва поклаш вазифаси ҳам зикр қилинган. Шунинг учун устозлик фақат дарс ўтиш ёки маълумот бериш билан чекланмайди. Устознинг зиммасида шогирднинг ахлоқини, одобини, масъулиятини ва инсоний фазилатларини шакллантириш вазифаси ҳам бор.

Мураббий эса инсон қалбига таъсир қиладиган, унинг яхши фазилатларини ривожлантирадиган шахсдир. У шогирдининг хатосини кўрса, уни камситмайди, балки тўғри йўл кўрсатади. Унинг ютуғидан хурсанд бўлади, қийинчилигида далда беради. Шу сабабли ҳақиқий мураббий шогирд учун нафақат устоз, балки ҳаёт йўлини кўрсатувчи раҳнамодир.

Устознинг масъулияти

Устозлик шарафли бўлгани каби масъулиятли ҳамдир. Чунки устознинг бир оғиз сўзи баъзан инсоннинг бутун ҳаётига таъсир қилиши мумкин. Шогирд кўпинча устозининг нафақат айтган гапини, балки унинг юриш-туриши, муомаласи, ҳалоллиги ва одобини ҳам ўрнак сифатида қабул қилади.

Шунинг учун устоз, аввало, ўзи ўргатаётган фазилатларга амал қилиши лозим. Агар у ҳалолликни ўргатса — ўзи ҳалол бўлиши, одобни ўргатса — ўзи одобли бўлиши, илмга муҳаббат уйғотса — ўзи илмга эҳтиром билан муносабатда бўлиши керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким яхшиликка далолат қилса, унга ҳам уни қилган кишининг ажридек ажр бор», — деганлар (Имом Термизий ривояти) . Бу ҳадис устозликнинг савоби қанчалик улуғ бўлишини кўрсатади. Чунки устоз бир инсонга илм ўргатади, ўша инсон эса ўрганган билими билан бошқаларга фойда келтиради. Натижада устознинг қилган яхшилиги узоқ йиллар давомида манфаат беришда давом этади.

Шогирднинг устоз олдидаги бурчи

Устозликнинг улуғлиги билан бирга, шогирднинг ҳам устоз олдидаги бурчлари бор. Энг аввало, шогирд устозини ҳурмат қилиши, унинг меҳнатини қадрлаши ва берган илмидан тўғри фойдаланиши керак.

Илмнинг баракаси одоб билан боғлиқ. Устозни ҳурмат қилиш, дарсни диққат билан тинглаш, берилган вазифаларни бажариш, савол беришда одоб сақлаш ва устознинг насиҳатларига қулоқ тутиш — илм олувчининг муҳим фазилатларидандир.

Азиз аждодларимиз ҳам устозга бўлган ҳурматни илмнинг муҳим шарти деб билганлар. Имом Аъзам Абу Ҳанифа, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк алломалар илм йўлида устозларидан таълим ва тарбия олганлар. Уларнинг буюклиги ортида устозларнинг меҳнати, дуоси ва тарбияси туради.

Абдуқодир Жалилов,

Учқўрғон тумани “Қирғизбой ўғли Эгамберди” жоме  
масжиди имом-хатиби