Инсон ҳаётида шундай мукаррам зотлар борки, уларнинг берган заҳматли сабоқлари йиллар ўтса-да, асло унутилмайди. Ота-она инсонга жисмоний ҳаёт бахш этса, устоз унга илм, одоб ва маънавий тўғри йўлни кўрсатади. Шу боис устозлик шунчаки оддий касб эмас, балки улкан шараф, эзгу вазифа ва юксак масъулиятдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ ۗ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ
«Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладими?” Албатта, фақат ақл эгаларигина эслатма ва ўгит олурлар». (Зумар сураси, 9-оят)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
إِنَّمَا بُعِثْتُ مُعَلِّمًا
«Мен, албатта, муаллим қилиб юборилдим», деганлар. Ушбу ҳадиси шариф устозликнинг нақадар улуғ ва муқаддас вазифа эканини ёрқин кўрсатади. Чунки инсонларга таълим ва тарбия бериш — пайғамбарлар йўлининг давомидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай деганлар:
إِذَا مَاتَ الْإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثَةٍ: ... أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ
«Инсон вафот этса, уч нарсадан бошқа барча амали тўхтайди: ...манфаат келтирадиган илм ҳам шулар жумласидандир». (Имом Муслим ривояти)
Устознинг буюклиги ҳам айнан шундаки, у улашадиган илм ва маърифат ўзидан кейин ҳам абадий яшайди. Шогирд устозидан ўрганган хайрли билими билан инсониятга манфаат етказса, бу эзгуликнинг савоби устознинг амал дафтарига ҳам узлуксиз ёзилиб туради.
Устоз бугун биргина ўқувчига дарс бераётгандек кўринса-да, аслида бутун бир келажак авлодни тарбиялайди. Бугун унинг қаршисида синчковлик билан ўтирган шогирд эртага эл-юрт корига ярайдиган олим, шифокор, муҳандис, раҳбар ёки ўз соҳасининг фидойи мутахассиси бўлиб етишади. Шунинг учун устознинг ҳар бир сўзи, самимий насиҳати ва шахсий намунаси шогирд қалбида ўчмас из қолдиради.
Ҳақиқий устоз фақат китобдаги маълумотларни етказиб қўймайди, балки одоб, ҳалоллик, масъулият ва комил инсонлик фазилатларини ҳам сингдиради. Қадимги уламолар устозга бўлган ҳурматни илм одобининг бош асоси деб билишгани бежиз эмас. Зеро, китоб маълумот бериши мумкин, аммо устоз инсонга илм олиш сирларини ва уни ҳаётда тўғри қўллашни ўргатади.
Шу боис устозликни шунчаки ҳунар ёки касб деб эмас, балки шарафли бурч ва келажак авлод олдидаги улкан масъулият деб билиш лозим.
Аллоҳ таоло барча устоз ва мураббийларимизнинг илмларига барака берсин, уларни фидойи ва ихлосли инсонлардан қилсин. Таълим бераётган шогирдларини эса юртимиз ва умматимизга манфаатли, солиҳ авлодлардан айласин!
Зеро, яхши устоз бир инсонни тарбиялайди, фидойи ва маърифатли устоз эса бутун бир авлодни тарбиялайди.
Акрамхон Абдуллаев,
Наманган шаҳар “Ёқуббой хожи” жоме
масжиди имом-ноиби