Жамият аъзоларига муносабат

УСТОЗЛАРГА ҲУРМАТ КЎРСАТИШ

УСТОЗЛАРГА ҲУРМАТ КЎРСАТИШ

Устозлар ҳақида сўз юритилар экан, доимо Искандар Зулқарнайн тўғрисидаги ҳикоя ёдимга тушади. У ишғол қилган юртининг тахтига биринчи бўлиб устозини ўтказар экан. Бир куни ундан: “Нима учун бундай қиласиз?” деб сўрашганда, у: “Ота-онам дунёга келишимга, устозим эса юксалишимга сабабчи бўлган”, деган экан.

Пошшахўжа ҳам устозларнинг меҳнатисиз ҳеч ким юксала олмаслигини таъкидлаб, Искандарнинг ўз устозига бўлган ҳурматини шундай келтириб ўтган:

Ҳеч ким устозсиз топмас жаҳонда иззу жоҳ,

Нечаким ҳашмат била Искандари даврон эрур.

Дарҳақиқат, биз эришган ҳар бир ютуқда устозларимизнинг беқиёс ҳиссаси мавжуд. Устозга меҳр қўймаган, уни ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидек, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинидан ушлаб, минишларига ёрдам берар эканлар: “Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз”, деганлар.

Шунингдек, Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам устози Имом Молик олдидаги одоби ҳақида: “Имом Моликнинг ҳайбати ва ҳурматидан, варақнинг шиширлаган овози у кишига озор бермасин деб, китоб саҳифаларини жуда оҳиста очар эдим”, деб эслаганлар.

Агар шогирд улуғлик даражасига етмай туриб манманлик қилса, устози олдида кибрланса – у ҳақиқий жоҳилдир. Зеро, илм ва ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қаерда топса, уни олишга ҳақлидир.

Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда, беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сатрлари ёдимизга тушади:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

Бу фикрни машҳур маърифатпарвар Абдулла Авлоний ҳазратлари янада бойитиб: “Тарбияни сут эмувчи болалик давридан бошламоқ, ахлоқни покламоқ, ақлни нурлантирмоқ лозим. Тарбиячи — инсон маънавиятини шакллантирувчи буюк кучдир”, деб таъкидлайдилар.

Ҳақиқатан ҳам, “Устоз — отангдек улуғ” деб аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ беради. Бир донишманддан: “Нима учун устозингизни отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз?” деб сўрашганда: “Отам менинг ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб, кўкка етишимга сабабчи бўлди”, – деб жавоб берган экан.

Динимиз таълимотига кўра, ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хайрли хизматлари ва ёзган асарлари туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийларимиз ҳар қанча эъзозланса ва қадрланса арзийди.

Мақсудхон Иномхонов,

Чуст тумани "Ойхонтўра" жоме 
масжиди имом-хатиби