Байрам ва марака маросимлари

УСТОЗЛАРГА ҲУРМАТ ДИНИМИЗ ТАЛАБИ

УСТОЗЛАРГА ҲУРМАТ ДИНИМИЗ ТАЛАБИ

Мамлакатимизда 1997-йилдан буён 1-октябрь –Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумҳалқ байрами сифатида нишонланиб келинмоқда. Бу ёруғ оламда онадек меҳрибон, отадек ғамҳўр, ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар бўлган улуғ зот бу муаллим ва мураббийлардир. Қадим замонлардан юртимизда устозга бўлган чуқур ҳурмат сақланиб қолган. Инсонлар Домла, Муаллим,Устоз каби улуғ номлар билан ўз устозларига мурожаат қилишган. Дунёда касблар жуда кўп, ҳар бирининг ҳаётда ўз ўрни, ўз аҳамияти бор. Лекин улар орасида шундай бир улуғ касб борки, бошқа барча касблар унинг негизида шаклланади ва тараққий этади. Бу ўқитувчилик касбидир. Устоз, муаллимлик касбларнинг энг машаққатлисидир. Ўзбек ҳалқида Устоз – отангдек улуғ, деган мақол бор. У олам-олам маънони англатади агар ота-она фарзандни дунёга келтирса, уни камолга етказадиган, етук инсон қиладиган бу-устоздир. Азиз ҳалқимизнинг бир нақлида, Сен одамларга бир йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг, буғдой эк, ўн йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг, ток экиб боғ қил, умр бўйи яхшилик қилмоқчи бўлсанг, ўқитувчилик қил, дейилган. Шу боис қадимдан кишилар ўз зурриётларини устоз қўлига топширар эканлар, Эти сизники суяги бизники деб унга катта ишонч билдиришган. Биламизки, ҳар қандай жамиятда устоз доимо улуғланиб келинган. Шунинг учун ҳам соҳибқирон, буюк бобомиз Амир Темур ўз васиятида ҳокини пири ва устози Саид Барака қабри пойига қўйишларини айтган эди. 

Дарҳақиқат,устоз мўътабар зот. Зотан, Ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Берунийларнинг ҳам илм оламига илк бор оддий ўқитувчи, устоз кўмагида танланган. Қайси жамиятдаки, олимлар ва устозларнинг қадри баланд бўлса, уларга ҳурмат эҳтиромда бўлинса, ўша жамият гуллаб яшнайди ва тараққий этади. Зеро олимлар юксак мартаба ва олий шараф эгалари ҳисобланадилар. 

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар; Катталаримизни улуғламаган, кичигимизга раҳм қилмаган, олимимизни ҳаққини билмаган киши биздан эмас. 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айганлар: “Албатта мен муаллим қилиб юборилганман”. Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: “Албатта Аллоҳ таоло, унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли кавагидаги чумоли, ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга таълим берувчи устозларга саловат айтадилар”, деганлар. Ризоуддин Ибн Фахриддин устозларга шундай насиҳат қилган эди: “Шогирдингизни ҳар бир ҳаракатларига қараб туринглар, уларга хушмуомалани, гўзал-у шафқатли одатларни тушунтирингиз, сўзларини-ю феълларини яхшилангиз, уст-бошларини, кийим-кечакларини пок тутишини назорат қилинглар. Ёмон хулқлар юқумли бўлганидан бир шогирднинг ёмон хулқи борлигини билсангиз, жумласини баробар кўриб, жумласи фойда олажак равишда ўргатингиз, фойдали ишлар, керакли адабларнинг жумласидан хабардор айлангиз, натижада бола мумкин қадар режа ила иш қилмоқ, эҳтиёткорлик, поклик, кўркам тартиб, кўп фойдасига тиришмак каби хосиятларингизни эгаллаб олади”. 

Имом Шофеъий айтадилар; Моликнинг ҳузурида уни иззат-икром қилганимдан китоб саҳифасининг шитиллашини эшитиб қолмасин, деб секин варақлар эдим. 

Ўқитувчи-машъала.   У ўзи ёниб, ўзгалар йўлини ёритишга умрини бағишлаган фидойи инсондир. Муаллим матонат тимсоли. У меҳр муҳаббат, эзгулик рамзи. Муаллим, мураббий-мўътабар, муҳтарам зот. Уни мўътабар қилган нарса болаларга чексиз меҳри, муҳтарам қилган муҳаббати. Шу сабаб уларни эъзозлаймиз,қадрлаймиз. 

Сизларга саломатлик,баркамол авлодни тарбиялаш йўлидаги машаққатли, лекин шарафли ишингизда улкан зафарлар ва тинчлик, омонлик ва шоду ҳуррамлик тилаймиз. 

 

Зикриллоҳ Умрзақов, 
Норин тумани бош имом хатиби