Жамият аъзоларига муносабат

УСТОЗГА ЭҲТИРОМ — ИЛМГА ЭҲТИРОМ УСТОЗНИНГ ТАНБЕҲИ — ШОГИРД УЧУН РАҲМАТ

УСТОЗГА ЭҲТИРОМ — ИЛМГА ЭҲТИРОМ  УСТОЗНИНГ ТАНБЕҲИ — ШОГИРД УЧУН РАҲМАТ

Инсон ҳаётида шундай муҳтарам зотлар бўладики, уларнинг бир оғиз сўзи йилларга татийди, биргина насиҳати бир умрга йўл кўрсатади, танбеҳи эса инсонни катта хатолардан қайтариб қолади. Ана шундай улуғ инсон — устоз ва мураббийдир.

Устоз фақат китобдаги маълумотларни етказиб қўймайди, балки шогирдига одоб, сабр, масъулият ва одамлар билан гўзал муомала қилиш ахлоқини ҳам ўргатади. Бир сўз билан айтганда, инсонийлик ва комиллик сабоғини беради. Шунинг учун устозга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш — шунчаки оддий маданият эмас, балки илм аҳлининг вақти ва заҳматини, уларнинг юксак ҳаққини тан олишдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни даражаларга кўтарур». (Мужодала сураси, 11-оят)

Илмнинг мартабасини Аллоҳ таолонинг Ўзи юксалтирган экан, шу илмни тунларни кунга улаб ўргатувчи инсоннинг беминнат меҳнатини қадрлаш — барчамизнинг бурчимиздир.

Афсуски, бугун айрим шогирдларда бир оғриқли ҳолат пайдо бўлди: устоз насиҳат қилса — хафа, танбеҳ берса — норози бўлади, хатосини кўрсатиб айтса — «менга тегишди», деб аразлайди. Ҳатто баъзилар устозининг сўзига хилоф иш қилишни ёки у билан тортишишни ўзича «жасорат» ёки «эркинлик» деб билади.

Йўқ, асло! Устозга хилоф иш қилиш ёки одоб чегарасидан чиқиш — жасорат эмас, балки нафс ва кеккайишнинг илмдан устун келгани нишонасидир.

Устознинг вазифаси шогирдга фақат ёқадиган, қулоққа ёқимли гапларни айтиш эмас, балки керак бўлганда, шогирдга оғир ботса ҳам ҳақиқатни кўрсатиб беришдир.

  • Баъзан устознинг биргина танбеҳи — ўн йиллик пушаймонлик ва хатоларнинг олдини олади.

  • Баъзан унинг «Бу ишинг нотўғри!» деган бир оғиз сўзи — инсонни умрбод адашишдан сақлаб қолади.

Шогирд танбеҳ эшитганда устозидан хафа бўлиш ўрнига: «Устозим менда қандай камчилик кўрди? Менинг манфаатим учун нима сабабдан бу гапни айтди?» деб ўзини ҳисоб-китоб қилиши ва хатосини тузатишга ҳаракат қилиши керак.

Қадимда саҳобалар ва уламолар устозларининг заҳрини болдек ютиб, уларнинг танбеҳларида ўзлари учун улкан тарбия ва манфаат борлигини англаганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: «Ким кичигимизга раҳм қилмаса, каттамизни улуғламаса ва олимимизнинг ҳаққини танимаса, биздан эмас». (Имом Аҳмад ривояти)

Демак, каттани улуғлаш, кичикка раҳм-шафқат кўрсатиш ва илм аҳлининг ҳаққини тан олиш — ҳақиқий мусулмон ахлоқининг муҳим ва ажралмас қисмидир.

Аллоҳ таоло барчамизга устозларимизнинг қадрига етадиган, уларнинг танбеҳ ва насиҳатларидан тўғри хулоса чиқарадиган одобли ва вафодор шогирдлардан бўлишни насиб этсин!

Шуҳратилла Исроилов

Учқўрғон тумани «Саидхон эшон» жоме 
масжиди имом-хатиби