Байрам ва марака маросимлари

УСТОЗ УЛУҒ ЗОТ

УСТОЗ УЛУҒ ЗОТ

Юртимизда яна бир шодиёна Устоз ва мураббийлар куни кенг нишонланади, иншааллоҳ. Ёш авлодни теран билимли ва етук мутахассис бўлиб етишишларида уларнинг беминнат хизматлари улкан. Дарҳақиқат, муборак динимиз таълимотлари инсон зотини жаҳолат зулматидан нурли ҳаётга етишишда муҳим омил бўлган улуғ устоз ва мураббийлар хизматларига юқори баҳо беради ва Аллоҳ таолодан уларга улуғ мукофотлар бўлиши башоратини беради. Аллоҳ таоло бутун инсониятни зулмат, жаҳолат, залолатдан фақат илму маърифатгина халос этишини Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган Қуръони каримнинг илк оятларида “Иқра”, яъни ўқинг, деган чақириқларида алоҳида таъкидлаб қўйган. Инсон ҳаётида وтто Одам алайҳиссаломни барча фаришталардан ҳам юқори мақомга кўтарган нарса илм-маърифатдир.

Илм-ирфон тарқатиш, ёшларга таълим тарбия бериш нақадар улуғ фазилат ва савобли иш эканлиги ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Дарҳақиқат, инсонларга яхшилик ва илму-маърифатни ўргатган барча устозларга барча ҳайвонлар, ҳаттоки денгиздаги балиқлар ҳам истиоғфор айтади”.

Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй, ўғлим! Олимлар билан ҳамнафас бўл, устозлар орасида ўтир, чунки Аллоҳ таоло еру осмонни суви билан обод қилганидай, қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан мунаввар қилади”.

Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монеълик йўқ, барча шарт-шароит ва имконият бор. Юзлаб ўқув юртлари, коллеж ва лицейлар очиб қўйилган.

Тарихдан маълумки, айримлар қаттиқ ишонадиган ғарб тарихчиларининг ўзлари ҳам Оврупа илм-фанни, адабиётни асосан Ислом ҳазорасидан ўрганганини тан олиб ёзишади ва ўша пайтнинг даҳо олимларига миннатдорчилик изҳор этишади. Буюк устозларнинг Аллоҳ берган иқтидори, илм-фан соҳасидаги кашфиётлари ҳақиқатан ҳам дунё ҳавас қилгулик, ҳайратда қолгулик даражада эди. Машҳур ватандошимиз Абу Мусо Муҳаммад Хоразмий алгебра фанига асос солган, “алгебра” истилоҳи унинг “Ал-жабр ва ал-муқобала” рисоласидан олинган, олимнинг номи эса “алгоритм” шаклида фанга кирган, унинг арифметикага оид рисоласи XII асрдаёқ Испанияда таржима қилиниб, шу асосда дарслик ёзилган. Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний каби олимлар ҳам фаннинг у ёки бу соҳасига асос солинган. Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин. Маълумки, улуғ устозлар ҳамма нарсадан илму-маърифатни афзал билишган ва бутун ҳаётларини илмга, шогирдларга таълим беришга бағишлашган. Шунинг учун илм ўқувчи талабадан устозини эъзозлаш талаб этилади. Устозга меҳр қўймаган уни ҳурматини қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. 

Ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам бизда шогирдларига илм-ҳикматни танитувчи устозлар қаттиқ ҳурмат қилинган. Бу ҳақда шунчалик кўп ривоятлар бор, шу ўринда айримларини келтириб ўтиш фойдадан холи бўлмас: “Ҳидоя” муаллифи, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳикоя қиладилар: “Бухорои шарифнинг улуғ олимларидан бирлари дарс жараёнида эдилар. Дарс асносида гоҳо ўринларидан туриб қўяр эдилар. Зийрак толиблар бунинг сабабини сўрашди. У зот камоли эҳтиром билан: “Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юрибдилар. Гоҳида ўйин билан машғул ҳолда эшик олдига келсалар, устозим ҳурматидан дарҳол ўрнимдан туряпман”, деб жавоб қилдилар. 

Устознинг ҳам ўзига хос бурч ва вазифалари мавжуд. Устоз шогирдига шафқатли бўлиши, уларни ўз фарзандидек кўриши, берган илми учун улардан ҳақ талаб этмаслиги, илм бергани учун мукофот ва ташаккур истамаслиги, балки Аллоҳ йўлида холис илм ўргатиши лозим бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни билганларимизга амал қилишга, азиз устозларнинг билим-маърифатларидан доимо баҳраманд бўлиб боришга насиб айлаб, барча устозу-мураббий ва муаллимларни Ўзининг ҳифзу-ҳимоясида сақлаб, энг эзгу орзу ниятларига етишишларида ёру мададкор бўлсин.

 

П. Юсупов,
 Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган туман вакили, 
туман бош имом хатиби: