Байрам ва марака маросимлари

УСТОЗ САБАБ ИЛМ ТАРҚАЛАР

УСТОЗ САБАБ ИЛМ ТАРҚАЛАР

Фарзанди учун  улуғ нарса бу китоб экан. Зеро Қуръондаги дастлабки оят «Иқра!» («Ўқинг!») эканлиги, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ўрганиб, Аллоҳнинг сўзларидан хабардор бўлиб, уларни халққа етказганлари, мусулмонлар дилига сингдирганлари маълумдир.

Китобнинг Муқаддаслиги яна шундаки, одамлар у орқали фикран бойийдилар, ақлан ўсадилар, маънан соғлом бўладилар, ахлоқий камол топадилар, қандай сўзлаш, қандай яшаш зарурлигини, имон-эътиқодни асрашни биладилар.

Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавияти бўлмиш миллий ва диний қадриятларимиз эса буларнинг ҳаммаси–ахлоқий, ақлий ва жисмоний мактаб эканлиги олтиндан қиммат, бебаҳо ва абадий қадриятларимиз, енгилмас кучимиздир!

 Модомики Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» экан, демак Ислом дини–энг аввало маърифат дини экан. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия»;«маориф» деган маъноларни англатади.

 Ислом дини пайдо бўлишини Яратганимиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали Арабистон ярим ороллигини ирода этган бўлса, ушбу Муқаддас, пок Ислом динимизни илму-фан, маърифат ила ривожланишини Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Бурҳониддин Марғиноний, Имом Баҳоуддин Нақшбандий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Маҳмуд Замахшарийлардек буюк алломалар орқали бизнинг жаннатмакон юртимизни ўз илоҳий ҳикмати ила ихтиёр этди.

Қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини халқаро жамоатчилик тан олмоқда ва эътироф этмоқда… Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига  айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, Ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг ҳизматлари беқиёс экани бизга улкан  ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган ҳатто мақоллари ҳам инсонларни илм-фан тараққиётига, илмли кишиларни улуғлашга ундайди, устозларни ҳурматлашга тарғиб этади.

Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс.

Мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари қуйидагича тавсифлаганлар:

“Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо ҳаққин онинг юз ганж ила”.

“Устоз” деганда фақат маълум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм-фаннинг барча турларида, касб-ҳунар соҳаларида ҳам ўргатувчини биз Устоз деб тушунишимиз лозим!

Яратган ўзларимизни, фарзанд-зурриётларимизни ҳам халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Кенжабек Солиев

Чуст туман "Ғойиб эронлар" жоме 

масжиди имом хатиби