Байрам ва марака маросимлари

"УСТОЗ ОТАНГДЕК УЛУҒ"

"УСТОЗ ОТАНГДЕК УЛУҒ"

Илм дунё неъматлари ичида энг бебаҳо бойликдир, Дунёдаги ҳаётимизни илмсиз тасаввур этиб бӯлмайди.Чунки илмсиз ҳаёт бу зулуматдир. Илм бу инсон учун зулумат ичидаги нурдир.Мана шу нурни таратувчи инсонлар бу Устозлардир.Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:"Албатта мен муаллим қилиб юборилганман"-деб марҳамат қилганлар. (ибн Можа ривояти).Бу муборак ҳадисдан устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигини билиб оламиз. Илмни эгаллаш осон иш эмас. Уламолар илм олишни игна билан қудуқ қазишга ўхшатишган. Шунинг учун ҳам бебаҳо хазинанинг соҳиби бўлишида устознинг ўрни беқиёс.

Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” — деган ҳикмат бежиз айтилмайди.  Ўтган улуғларимиз, ота-боболаримиз устоз ва муаллимларнинг ҳаққини яхши билганлар, уларнинг қадри нечоғли баланд эканини теран англаганлар ва шунга кўра муомала қилганлар.  Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлари ривоят қилинади: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у устозим, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман». 

     Устозсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Дунёда устознинг меҳнатидан оғир меҳнат йўқ. Ҳеч нарсани билмайдиган ёш болага ўқиш-ёзишни ўргатгунча бўлган машаққатни устоздан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу меҳнатнинг шарафли томони  шогирдларнинг, бир марта устоз деб чақиришларидан ортиқ бахт ҳам оламда йўқ. Узтоз ӯзининг меҳнати билан бир одамни илмсизлик, жоҳиллик ва иймонсизликдан сақлаб қолади.                                              

  Саъдий Шерозий : “Ота-онанинг меҳридан, устознинг жаври яхшидур”, деб айтганлар.

Мўтабар маънбаларда келтирилишича бир устоз ва толиби илм бир  қабристон ёнидан ўтсалар, қирқ кун қабристонга Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турар экан. 

Устознинг ҳурмати-ю, ўқувчининг иззати шу даражада баланд.Пайғамбар (с.а.в):"Илм ӯрганинглар.Илм учун сокинлик ва виқорни ӯрганинглар.Ӯзингиз таълим олаётган зотга тавозели бӯлинглар"-деб устозни улуғлаганлар.(Табароний ривояти).

 Доно халқимиз ҳам "Устоз отангдек улуғ"-деб бежизга айтмаган. Фарзанларимизнинг бахти ва саодати учун жон куйдириб, меҳнат қилиб, бор илм ва иқтидорини ишга солаётган устозларга Аллоҳ таолонинг раҳматлари бӯлсин. Жаннатмакон юртимизга кўз тегмасин, тинчлик ва хотиржамлик неъмати бундан-да зиёда бўлсин.

 

Юнусов Шарифжон,
Чортоқ тумани “Ҳазрати ибн Аббос” жоме
масжиди имом хатиби