Жамият аъзоларига муносабат

УСТОЗ — МАЪРИФАТ ВА КАМОЛОТ МАШЪАЛИ

УСТОЗ — МАЪРИФАТ ВА КАМОЛОТ МАШЪАЛИ

Бугунги кунда юртимизда минглаб мактаб, лицей, мадрасалар ва диний олийгоҳлар дунё стандартларига жавоб берадиган қилиб бунёд этилди, қайта таъмирланди. Узоқ қишлоқ ва тоғли ҳудудларда ҳам мана шундай гўзал илм даргоҳларини кўриб, кишининг кўзи қувонади. Бугун касбга қизиқиб, уни мукаммал эгаллаган ёшларнинг дунёнинг турли шаҳарларида ўз қобилиятини кўрсатаётганларини кузатиб: “Устозингга, отангга балли!” деймиз. Демак, юртимизда яшаётган ҳар бир ватандошимизнинг ютуғи ва муваффақиятидан нафақат уларнинг ўзлари ва ота-оналари, балки бутун юрт одамларининг қалбида ғурур, юзларида сурур акс этади.

Устозсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Дунёда устознинг меҳнатидан оғирроқ меҳнат йўқ. Ҳеч нарсани билмайдиган ёш болага ўқиш-ёзишни ўргатгунча чекиладиган машаққатни гапирмасак ҳам бўлади. Эндигина спорт сари қадам қўйган спортчини дунё миқёсига кўтаргунча чекиладиган заҳматларни ёки бор маҳоратини ёш болага ўргатадиган ҳунарманднинг меҳнати ва сабр-қаноатини кўз олдингизга келтириб кўринг. Ўйлаб кўринг, ўзингиз билган нарсани бировга ҳар куни ўргатиш, савол бериб-жавоб олиш, онгига сингдириш осонми?

Бу меҳнатнинг шарафли томони шундаки — шогирдларнинг бир марта «устоз» деб мурожаат қилишларидан ортиқ бахт ва эътироф оламда йўқ. Бунинг савобини айтмайсизми, ҳисобсиз!

Гоҳида ўқувчи ва шогирдларга қаттиқ танбеҳлар берилади. Бундан мақсад — фақат яхшилик. Шайх Саъдий айтганларидек: “Устознинг жаври ота-онанинг меҳридан афзалдир”.

Устознинг нияти холис бўлиб, талабаларга ўрнак бўладиган амалларни қилсин. Шогирдларини гуноҳ ишлардан қайтариб турсин ва бунга ўзи ҳам амал қилсин. Чунки айтганига ўзи амал қилмаса, шогирдларга сўзининг таъсири бўлмайди.

Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг олдига бир киши ўғлининг қўлидан тутиб келди ва: — Ҳурматли устоз! Ўғлим жуда кўп асал ейди. Унга «камроқ егин» десам, сўзимга қулоқ солмаяпти. Шунга бир насиҳат қилиб қўйсангиз, — деди.

Имом Аъзам ҳазратлари бир ҳафтадан кейин келишларини тайинладилар. Бир ҳафта ўтгач, ҳагиги киши яна боласини етаклаб келди. Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ боланинг бошини силаб: — Ўғлим, кўп асал емагин! Асални кўп емоқ соғлиғингга зарардир, — дедилар. Бола дарҳол: — Хўп бўлади, — деб жавоб берди.

Шунда унинг отаси ниҳоятда гўзал одоб билан, қўлини кўксига қўйиб: — Ҳазрат, шу гапингизни аввал келганимизда айтмаганингизнинг боиси нимада? — деб сўради. Имом Аъзам: — Чунки ўша куни ўзим асал еган эдим. Ўзим асал еб туриб, болага «асал ема» десам, гапимнинг таъсири бўлмас эди, — деб жавоб берган эканлар.

Устоз бағрикенг ва кечиримли, шогирдларининг ҳақига хайрли дуолар қилувчи зотдир. Арзимас нарсаларга жаҳл қилмаслик, шогирдларидан кўнгли қолмаслик ва айниқса, уларни дуоибад қилишдан, қарғашдан ўзини тийиши зарур. Зеро, ота-она каби устознинг дуоси ҳам радсиз қабул бўлади.

Шогирд ҳам устознинг ғазабини келтирадиган, ранжитадиган ишлардан ўзини тийсин. Устоз томонидан берилган вазифаларни аъло даражада тайёрлаб, уни хурсанд қилсин. Чунки устозлар шогирдларининг зукколиги, вазифаларни ўз вақтида бажариши ва одобини кўриб қувонадилар. Устоз шогирдининг жаҳолат ботқоғидан олимлик даражасига кўтарилаётганидан мамнун бўлади. Шогирдлар илм даргоҳини битириб кетсалар-да, ўз устозларининг аҳволидан хабар олиб, уларнинг яхшилиги ва устоз сабабли етган мартабаларига миннатдорлик изҳор қилиб турсинлар.

Бизнинг халқимиз устознинг қадрига етадиган, уларнинг дуоларини оладиган, вафот этсалар, ҳатто фарзандларини ҳурматлайдиган, бутун жаҳон тасанно айтадиган ажойиб, одобли ва садоқатли халқдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Билганлар билан билмаганлар тенг бўлурми?!» (Замар сураси, 9-оят)

Олим билан жоҳил, ҳунарли билан ҳунарсиз тенг келармиди? Шу боис, улуғ олимлари билан дунёга донг таратган юртимиздан яна кўплаб ақлли, одобли ва бахтли ёшлар етишиб чиқаверади.

Ёшларимизнинг бахту саодати учун жон куйдириб, меҳнат қилиб, бор илм ва иқтидорини ишга солаётган устозларимизга омад тилаймиз. Бундай улкан ва шарафли ишларда Парвардигори олам барча устозларимизга куч-қувват берсин. Жаннатмакон юртимизга кўз тегмасин, тинчлик ва хотиржамлик неъмати бундан-да зиёда бўлсин. Илм талабида юрган барча ўқувчи ва талабаларимизга бахт-саодат, узоқ умр, илм, ҳаё ва гўзал оқибат насиб этсин.

Шу ўринда, ўтиб кетган марҳум устозларни эслаб, уларга Аллоҳ таолонинг раҳматини сўраб дуо қилиш лозим. Бугунги қутлуғ кунларда барча толиблар, ўқувчи ёшлар ва мактабда устозлар таълимини олганлар ўтиб кетган устозларини хотирлаб, ҳақларига дуо қилсалар, нур наъло нур бўлади.

Р. Қосимов,

Чуст тумани “Уста Ўринбой” масжиди имом-хатиби