Жамият аъзоларига муносабат

УСТОЗ ЭҲТИРОМИ – ФАРОВОН ҲАЁТ ГАРОВИ.

УСТОЗ ЭҲТИРОМИ – ФАРОВОН ҲАЁТ ГАРОВИ.

       Юртимиз истиқлолга эришгач халқимизнинг ўз шаън ва шуъури қайтариб берилди. Айниқса, таълим-тарбия соҳасида ҳам бир қанча ижобий силжишларга эришилди. Кўплаб илм даргоҳлари таъмирланди ва уларнинг қаторига янгилари қуриб биткизилиб, халқимиз фарзандларига юксак даражада билим олишлари учун тақдим қилинди. Мустақилликка эришиш давридаёқ ҳар қандай илм соҳасида ижод ва меҳнат қилиб турган кишиларни ижтимоий ҳаёт тарзларига катта эътибор қаратилди. Чунки келажак авлодни тақдири бундай юксак даражадаги зиёли кишилар қўлида бўлди. Уларнинг ҳар бир бераётган таълим-тарбиялари юрт фарзандларини ўзи эмас, балки бутун жамиятга манфаати беқиёсдир. Бу азизларни сайъ-харакатларини  эътиборга олиб давлатимиз томонидан 1-октябрь “Устоз ва мураббийлар” куни деб аталиб, уларни меҳнатларини қадрлаб, расмий равишда “дам олиш куни” деб эълон қилинди. Бу кун юртимизда барча диний ва дунёвий ўқув масканларида таълим-тарбия бераётган устоз ва мураббийларнинг байрам кунлари билан табриклаб ва уларни меҳнатларини эслаб, ташаккурлар билдириш одат тусига айланган. 

     Албатта илм ва илм аҳлига эҳтиром кўрсатиш уларни мавқеълари ҳақида ислом динида ҳам бир қанча кўрсатмалар бор. Хусусан, уларнинг даражалари ҳақида Зумар сурасини  9-оятида “илмли киши билан илмсиз киши баробар бўладими” деб, Аллоҳ таоло уларнинг мақомларини кўтариб қўйганини ўз катта саъодат ҳисобланади. Шу билан бирга  бу дунёда жамиятнинг пешқадами бўлиш билан бирга охиратда жаннатга дастлаб кирувчилар ҳам илм эгалари эканлиги кишида илмга бўлган муҳаббатни уйғотади. Илм ва уни эгалари фазли ҳақида бир қанча оят-ҳадиси шариф ва ривоятлар келган бўлиб, шулардан илк бора Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган “Алақ” сурасини илк оятини  ўзини мисол қилиб олинадиган бўлса, шуни ўзи ҳам кифоя қилади. Чунки ўша даврдаги арабларни билимсизлик ботқоғидан олиб чиқишнинг йўли биргина “ўқиш, билиш” холос эди. Уларда ўз даврларининг барча имкониятлари бўлиши билан бирга келажак авлодни билимсизлик ва тубанликдан қутқариб қоладиган таълим ва тарбия бериш услублари мавжуд эмас эди.  Буларни бундай зулумотлардан чиқариб олувчи киши албатта, илм эгалари эди.

Устознинг ҳар замон ва ҳар маконда даражаси юқори ўринда эканлигига Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни яна бир ҳадиси шарифларида мисолини кўриш мумкин. 

Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “ Юқори қўл қўйи қўлдан яхшироқдир....”. (Имом Бухорий ривояти)

Роғиб раҳматуллоҳу алайҳ айтадилар: “ Ушбу ҳадиси шариф устоз ва муаллимни шогирдга нисбатан ҳамиша устун эканлигига  далилдир. 

Ва яна бир ҳадиси шарифда  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қиладилар: Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари ва еру-осмон аҳли хатто, уясидаги чумоли,  (сувдаги) балиқ ҳам инсонларга  яхшиликни ўргатувчига саловот айтади”. (Термизий ривояти)

Маълумки, муаллим хоҳ у диний билим ёки дунёвий билим эгаси бўладими, қўл остидаги шогирдларига таълим бериш жараёнида  ўзининг ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб панду-насиҳатларини бериб ўтади. Шунинг ўзи юқоридаги ҳадиси шарифда  яхшиликни ўргатувчи  дейилган кишилар қаторида бўлиши аниқдир. 

 Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ердаги уламоларнинг ўхшаши худди осмондаги юлдузлар кабидир. Улар сабабидан қуруқлик ва денгизда тўғри йўл топилади. Агар юлдузлар сўниб қолса тўғри йўлдаги киши адашиш мумкин бўлади” 

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳ алайҳ айтадилар: “Муаллим инсоният қалбини бошқарувчидир. Ердаги мавжудотларни энг шарафлиси инсондир. Инсон аъзосини жавҳари қалбидир. Муаллим уни поклаш ва уни тўғри йўлга йўллаш ва бандани Аллоҳга яқин бўлишига сабабчи бўлади”.

Ҳикматли сўзларда ўзига устоз олмаган кишини устози шайтон эканлиги ҳам айтиб ўтилган. Олдин ўтган олимлардан бирлари устозсиз ҳаёт кечириб боришни оқибати ёмонлигини айтиб шундай дейди:

Энг катта балолардан бири (муаллимсиз) фақат китоб билан умр ўтказишдир. 

Хабарларда келишича, “ Яхшиликни ўргатувчи муаллим вафот этса осмондаги қушлар, ердаги чорпоғлар ва денгиздаги  махлуқотлар йиғлайди”, дейилган.

Олимлар Аллоҳ таолодан қўрқадиган кишилардан эканликлари ва улар бутун пайғамбарларни меросхурлари эканлиги  ҳадиси шарифлардан маълумдир. Шунинг учун ҳам улар  ҳурмат эътиборга ҳақли кишилардир.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Уламоларга муҳаббат қўйиш эътиқод қилинган дин (нинг белгисидир)”.       

        Уламолар пайғамбарлар меросхўрлари эканликларига ҳаётий мисоллардан бири, Имом Заҳабий раҳматуллоҳ алайҳ ўзларини “Тазкиротул-хуффоз ” асарларида Абу Довуд раҳматуллоҳ алайҳни таржимаи ҳолларида шундай сўзни келтирадилар: “Баъзи олимлар шундай дейдилар: “Абу Довуд жим туришда, мулойимликда, юриш-туришда Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳ алайҳга ўхшайди. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳ алайҳ  эса бу сифатларда  Вакийъ раҳматуллоҳ алайҳга ўхшайди. Вакийъ раҳматуллоҳ алайҳ бу сифатларда Суфён раҳматуллоҳ алайҳга ўхшайди. Суфён раҳматуллоҳ алайҳ  Мансур раҳматуллоҳ алайҳга ўхшайди. Мансур раҳматуллоҳ алайҳ эса Иброҳим раҳматуллоҳ алайҳга ўхшайди. Иброҳим раҳматуллоҳ алайҳ Алқамага ўхшайди.  Алқама эса Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўхшайди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу жим туришда, мулойимликда, юриш-туришда Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам га ўхшайдилар. 

Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, устозларнинг меҳнатлари жамиятда нечоғлик ўринда эканлигига гувоҳ бўламиз. Шунинг учун ҳам уларни хизматларида бардавом бўлиш, дуоларини олиш хар бир кишига лозим ишлардан ҳисобланади. 

 

Камолиддин Хамроқулов,

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси 

Норин туман вакили