Жамият аъзоларига муносабат

УРУШ-ТАЛАШ БЎЛМАСИН

УРУШ-ТАЛАШ БЎЛМАСИН

Шайтон тушиб ўртага,

Бўлди катта тўпаланг.

Сабаб топиб жўрттага,

Хотин бўлдия гаранг.

 

Эр нималар демади,

Айбдор икки томонмас.

Хотин гапдан қолмади,

Хатто идиш омонмас.

 

Қўл кўтариб деди эр:

Хой тилингни тий бўлди.

Талоғини бериб дер:

Никохимиз узулди.

 

Кетаман! Деди аёл,

Тугунини тахт қилиб.

Қўни қўшни бўлди лол,

Қайдан чиқди бу қилиқ.

 

Авж паллада бу жанжал,

Молу мулк бўлиш, талаш.

Парда, гилам галма гал,

Бўшади уй, йўқ бир лаш.

 

Охир кўзга ташланди,

Бурчакдаги уч фарзанд.

Тортқилашлар бошланди,

Қўйиб юбормай харчанд.

 

Хотин деди ўғилга,

Отангга ўхшамай ўл!

Нелар келмади тилга,

Хароми, эшак, ит, гўл.

 

Қизни тутиб қўлидан,

Онасини пеш қилар.

Дер: юрмагин йўлидан,

Фохиша, безбет булар.

 

Фарзандлар танишмасди,

Ўз отаю онасин.

Айбларин билишмасди,

Нега бирин танласин.

 

Яшаб юрганди булар,

Эркин қушдай инида.

Хар иккиси тенг бўлар,

Иссиқ тафт бор қўйнида.

 

Ота кетди зардада,

Қозоғу Қирғиз томон.

Она ҳам аламзада,

Иш излаб бўлди гирён.

 

Болалар сарсон бўлди,

Тоға, амма бедарак.

Оч, наҳор, юпун қолди,

Кўчаларда жонсарак.

 

Айни ўспирин чоғи,

Қаровсиз, меҳрга зор.

Армон ота қучоғи,

Она захридан безор.

 

Шайтонга хай беролмай,

Бахтли уй бўлди хазон.

Муросасиз эр-аёл,

Хаёт йўли чанг, тўзон.

 

Керакми шундай хаёт,

Эртароқ кўз очинглар.

Умрингиз бўлмай барбод,

Севгидан сўз очинглар.

 

Ўтмаган уй-рўзғор йўқ,

Росул уйи холимас.

Яхши-ёмон, оч-у тўқ,

Ўтамиз, хеч ким қолмас.

 

Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон тумани “Бузрукҳўжа эшон” жоме
масжиди имом-хатиби