Таълим тарбия

ҲУРМАТНИ ЙЎҚОТМАСЛИКНИНГ САККИЗ ҚОИДАСИ.

ҲУРМАТНИ ЙЎҚОТМАСЛИКНИНГ САККИЗ ҚОИДАСИ.

Инсонни хор қиладиган хатолар ҳақида ибратли мулоҳаза

Инсон ҳаётида обрў, иззат ва ҳурмат энг қиммат неъматлардан ҳисобланади. Бойлик йўқолиши мумкин, мансаб тугаши мумкин, аммо бир марта йўқотилган обрўни қайта тиклаш жуда мушкул. Шунинг учун доно зотлар инсонни хорликка олиб борадиган сабабларни доимо баён қилиб келганлар.

Таниқли олим ва адиб Абу Мансур Саъолибий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:

«Саккиз тоифа одам хорликка учраса, ўзидан бошқани айбламасин».

Бу ҳикмат ортида инсоннинг муомала маданияти, одоб-ахлоқи ва ҳаёт тажрибасини мужассам этган улкан маънолар яширин.

  1. Таклиф қилинмаган дастурхонга бориб ўтирган киши

Меҳмондорчилик одоби — Исломнинг гўзал ахлоқларидан биридир. Аммо инсон ўзини чақирмаган жойга бориб, бошқаларни ноқулай аҳволга солса, ўз қадрини ўзи туширган бўлади.
Ҳурмат талаб қилиб эмас, муносиблик билан қозонилади.

  1. Уй эгаси устидан ҳукм чиқаришга уринган меҳмон

Меҳмоннинг вазифаси — дуо қилиш, ҳурмат кўрсатиш ва миннатдор бўлишдир. Уй эгасининг ишларига аралашиш, танқид қилиш ёки буйруқ бериш эса одобсизликдир.
Афсуски, бугун айримлар меҳмон бўлиб борган уйида ҳам ўзини хўжайиндек тутишни одат қилиб олган.

Бу эса тарбия эмас, кибрдир.

  1. Душманидан яхшилик кутган инсон

Ҳар ким ўз табиатига мувофиқ иш тутади.

Меҳрибондан меҳр чиқади.

Ҳалолдан ҳалоллик.

Аммо душманидан вафо кутиш — ўзини алдашдир.

Албатта, инсон ҳаммага яхши муносабатда бўлиши керак. Лекин ҳар кимга бир хил ишониш ҳам ҳикмат эмас.

  1. Пасткаш ва нокасдан фазлу марҳамат умид қилган киши

Олийжаноблик насаб ёки бойлик билан эмас, қалб тарбияси билан ўлчанади.
Қалби тор инсондан саховат кутиш, нокасдан инсоф талаб қилиш — беҳуда уринишдир.
Чунки идишда нима бўлса, ташқарига ҳам шу чиқади.

  1. Ўзини чақирмаган икки кишининг суҳбатига аралашиб олган кимса

Ҳар бир суҳбатнинг ўз одоби бор.

Инсон ўзини кераксиз жойга тиқиштирса, унинг қадри ошмайди, аксинча камаяди.
Айниқса, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ҳар бир баҳсга аралашишни бурч деб билувчилар кўпайди.

Ҳар бир мавзуга фикр билдириш илм белгиси эмас.

Баъзан сукут энг катта ҳикматдир.

  1. Ҳокимни менсимаган киши

Бу ҳикматнинг маъноси зулмни маъқташ эмас.

Балки жамият тартиби, қонун ва масъулиятни менсимаслик инсонни муаммога олиб келишини англатади.

Тартиб бўлмаган жойда адолат ҳам бўлмайди.

Шунинг учун ҳар бир инсон қонунга ҳурмат билан муносабатда бўлиши лозим.

  1. Ўзи лойиқ бўлмаган ўринга ўтириб олган киши

Ҳар бир мартаба масъулият талаб қилади.

Билимсиз инсоннинг олимлар қаторида ўтириши, тажрибасиз одамнинг раҳбарликка интилгани ёки лойиқ бўлмаган мансабни эгаллаши охир-оқибат шармандалик билан тугайди.
Бугунги кунда ҳам баъзилар хизмат қилиш учун эмас, кўриниш учун юқори ўринларни истайдилар.
Бу эса жамият тараққиётига эмас, таназзулига хизмат қилади.

  1. Гапига қулоқ солмайдиган одамга сўзини ўтказмоқчи бўлган инсон

Ҳар бир насиҳатнинг ҳам ўз вақти ва ўз эгаси бўлади.

Қалби ёпиқ инсонга минг марта ҳақиқатни айтсангиз ҳам, у қабул қилмайди.

Шунинг учун доно инсон кимга, қачон ва қандай гапиришни ҳам яхши билади.

Ҳикматнинг замонавий сабоғи

Абу Мансур Саъолибий раҳимаҳуллоҳнинг ушбу ҳикматлари асрлар аввал айтилган бўлса-да, бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Чунки инсон табиати ўзгармаган.

Фақат замон ўзгарди.

Аввал чақирилмаган дастурхонга боришарди, бугун чақирилмаган суҳбатларга ва ижтимоий тармоқлардаги баҳсларга аралашишмоқда.

Аввал ҳовлида одоб бузиларди, бугун эса виртуал майдонларда.

Аввал нокасдан саховат кутишарди, бугун эса виждонсиз одамдан инсоф талаб қилишмоқда.
Хулоса
Ҳурмат талаб қилинмайди — муносиблик билан қозонилади.

Обро мансаб билан эмас, одоб билан сақланади.

Доно инсон ўз ўрнини билади, ўз қадрини туширмайди, кераксиз жойга аралашмайди ва кимдан нима кутиш мумкинлигини яхши англайди.

Шунинг учун ҳар биримиз ўзимиздан сўрайлик:

Мен ўз обрўйимни ошираётган ишлар билан машғулманми ёки уни ўз қўлим билан камайтираётган хатоларни такрорлаяпманми?

Зеро, инсонни кўпинча душмани эмас, балки ўзининг нотўғри муомаласи хор қилади.

Абдулқодир Турсунов
Тўрақўрғон туман Куюкмозор жоме 
масжид имом хатиби