Жамият аъзоларига муносабат

«ҲУРЛИКНИНГ ҚАДРИ — ТАРИХ КЎЗГУСИДА»

«ҲУРЛИКНИНГ ҚАДРИ — ТАРИХ КЎЗГУСИДА»

Доимо эзгулик пайида юрган, бировга яхшилик қилишни орзу қилиб яшаган халқмиз. «Бир майизни қирққа бўлиб еган» халқ, деган таъриф ҳам меҳр-оқибат ва бағрикенглигимизнинг рамзидир. Балки бу сўзларда муболаға бордир, аммо халқимизнинг бир-бирига елкадош бўлиб, борини баҳам кўришдек азалий фазилати борлиги ҳақиқат.

Аллоҳ таоло ниятимизга яраша юртимизга улуғ неъмат — ҳурлик ва истиқлолни насиб этди.

Истиқлол туфайли халқимиз ўзининг миллий ва диний қадриятларига эркинроқ қайтиш, эътиқодини очиқ-ойдин намоён этиш, намоз, рўза, закот, ҳаж ва умра каби ибодатларни адо этиш имкониятига эга бўлди. Илм-маърифат, миллий ўзлик ва диний меросимизни қайта тиклаш йўлида кенг имкониятлар пайдо бўлди.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Агар шукр қилсангиз, албатта, сизларга зиёда қиламан. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим қаттиқдир».(Иброҳим сураси, 7-оят.)

Демак, берилган неъматни таниш — шукрнинг бошланиши. Шукр эса фақат тил билан «Алҳамдулиллаҳ» дейишдан иборат эмас. Неъматнинг қадрига етиш, уни асраш, уни эзгулик ва тараққиёт йўлида сарфлаш ҳам шукрдир.

Ҳақиқат қиёсда билинади

Халқимизда «Ҳақиқат қиёсда билинади», деган пурмаъно гап бор.

Бугунги имкониятларнинг қадрини англаш учун кечаги кунни эслаш керак. Зеро, тарихни билмаган инсон бугунги неъматнинг қимматини ҳам тўла ҳис қила олмайди.

Собиқ тузум даврида диний ҳаётга бўлган муносабат билан истиқлол йилларида эътиқод ва диний қадриятларга яратилган имкониятларни қиёсласак, орамизда қанчалар катта масофа борлигини англаш мумкин.

Ҳаж — орзу эмас, ибодат

Ўтмишда ҳаж ибодатини адо этиш имконияти ниҳоятда чекланган эди. Бугун эса юртимиз мусулмонлари учун Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварага бориб, ҳаж ва умра ибодатларини адо этиш имкониятлари кенгайди.

Ҳаж — оддий сафар эмас.

У мусулмон қалбида бир умр сақланадиган улуғ ибодат.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Уйга (Каъбага) ҳаж қилиш йўлини топа олган одамлар зиммасида Аллоҳ учун ўша Уйни ҳаж қилиш бор». (Оли Имрон сураси, 97-оят.)

Демак, ҳаж — мусулмоннинг эътиқоди билан боғлиқ буюк фарзлардан бири.

Бугун юртдошларимизнинг ҳаж ва умрага бориб, муқаддас қадамжоларда ибодат қилаётганини кўриш — шукр қилишга арзигулик неъматдир.

Қуръон яна хонадонларга қайтди

Бир вақтлар Қуръони каримни эркин ўқиш, диний билимларни ўрганиш имконияти ниҳоятда чекланган даврлар бўлган.

Бугун эса Қуръони карим хонадонларимизда, масжидларимизда, таълим даргоҳларимизда.

Унинг таржимаси, тафсири ва шарҳлари билан танишиш имконияти бор.

Энг муҳими, Қуръон фақат китоб жавонида туриб қолмаслиги керак.

У инсоннинг қалбига кириши, ахлоқига айланиши ва ҳаётига таъсир қилиши керак.
Аллоҳ таоло: «Албатта, мана шу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилади», деб марҳамат қилган.(Исро сураси, 9-оят.)

Шундай экан, Қуръонга эга бўлишнинг ўзи кифоя эмас. Унинг ҳидоятига амал қилиш — ҳақиқий мақсад.

Масжидлар — қалблар манзили

Масжидлар халқимизнинг маънавий ҳаётида азалдан алоҳида ўрин тутган.

Ўтмишда юртимизда масжидлар сони ва диний ҳаётнинг имкониятлари кескин чекланган эди. Истиқлолдан кейин эса юртимизда кўплаб масжидлар қайта тикланди, янги масжидлар барпо этилди, намозхонлар учун ибодат қилиш имкониятлари кенгайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳ учун масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда худди шунга ўхшаш уй қуриб беради», деганлар.

Бу ҳадисни Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган. (Саҳиҳ Бухорий, 450-ҳадис; Саҳиҳ Муслим.)

Масжид — фақат девор ва гумбаз эмас.

У — инсон қалби Аллоҳ таолога юзланадиган муқаддас маскан.

У — ёш авлодга одоб ва ахлоқ ўргатиладиган маънавий мактаб.

У — жамиятда меҳр-оқибат, биродарлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайдиган даргоҳ.

Исломий илмга йўл очилди

Илмсиз эътиқод заифлашади. Эътиқодсиз илм эса инсонни ҳар доим ҳам эзгуликка бошламайди.
Шунинг учун диний таълимнинг тикланиши ҳам катта аҳамиятга эга.

Жаъфархон Суфиев, 
Тўрақўрғон туман Исҳоқхон тўра жоме 
масжид имом-хатиби