Жамият аъзоларига муносабат

УМР – БЕБАХО НЕЪМАТ

УМР – БЕБАХО НЕЪМАТ

Инсоният ўзига берилган барча неъматларга доимо шукр килиб, ҳаётда дуч келадиган ҳар кандай синовлар, кийинчиликлар, муваффакиятсизликлар, мусибатларга сабр қилиши ва Аллоҳ таолони раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим. Турли шайтоний васвасалар, тушкунликлар ва умидсизликларга берилмай, Инсон деган шарафли номга мувофиқ иш тутиши керак.

Шунга карамай кейинги вақтларда жамиятимизда айрим кишилар билиб-билмай, айникса хотин-кизлар ўзларини жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато қилган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳ қилишга ўтмоқдалар. Динимиз таълимотларида инсонни ўз жонига қасд қилиши қаттиқ қораланади. Ушбу ишни амалга оширган осий банда жаҳаннам ўти билан азобланиши таъкидланади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: «… ўз қўлларингиз билан ўзларингизни халокатга ташламангиз! (барча ишларни) чиройли амалга оширингиз. Албатта Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради.» (Бақара сураси 195 оят) 

Пайғамбаримиз алайхиссалом ҳам ўз ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: «Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини - ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган холда жаҳаннам ўтида абадий қолади».(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз яна бир ҳадисларида «Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг хукми ҳам юқорида зикр қилинганлар билан хукми баробардир», - деб марҳамат қилганлар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб пайғамбаримизни қўйидаги ҳадиси шарифларини келтирадилар: «Ким ўзини-ўзи ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса дўзах оловида ҳам худи шундай азобга қолади». (Имом Бухорий ривояти).

Яна Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилишларича севикли пайғамбаримиз айтадилар: «Аллоҳ таоло ҳадиси Қудсийда марҳамат қилади: Бандам ўзини ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий харом қилдим».

Ушбу ҳадиси Қудсийни мазмунига кўра, ўзини-ўзи ўлдирган кимса жаннатдан абадий маҳрум бўлар экан.

Афсус билан зикр этиб ўтишлик лозимки, айрим вилоятларда турли йўллар билан ўз жонига қасд қилиш воқеъалари руй бериб турибди. Айниқса, бу ходиса аёллар ва ёшлар ўртасида кўпроқ руй бераётгани янада ачинарли холатдир. Муқаддас динимиз кўрсатмаларида ўзини-ўзи ўлдирувчилар ҳақида махсус фатволар берилган. Айрим уламо ва фуқаҳолармиз ўзин-ўзи ўлдирганларга жаноза намози ўқимаслик тўғрисида ҳам фатволар берганлар.

Саййид Собикнинг «Фикхус сунна» номли китобида жумладан шундай дейилади: «Росулуллоҳ алайҳиссалом бу мудҳиш ишдан умматларини катъий қайтармок учун ўзини-ўзи ўлдирганларга жаноза ўқимадилар».

Аллоҳ таоло омонат қилиб берган ҳаёт неъматини ва умримиз йилларини чиройли амаллар қилишга, савоб ишларни бажариб ўтказишга, кундалик ва ҳаётий кийинчилик ва муаммоларни ақл-заковат билан хал этишга ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолони раҳматидан доимо умидворлик билан яшашга интилиш ҳақиқий иймонли кимсани фазилати ҳисобланади.

Баъзи бир кимсалар ўзини портлатиш билан гуё «шаҳидлик» мартабасига сазовор бўлмоқчи бўладилар. Аммо улар ўзларининг ғайри инсоний ҳаракатлари билан қанчадан қанча бегуноҳ инсонларни қони тўкилишига, майиб-мажруҳ бўлишига сабабчи бўладилар. Динимиз таълимотида бундай ишларни амалга ошириш кескин қораланган ва бегуноҳ инсон ҳаётига қилинган тажовуз деб ҳисоблайди. Бундай кабиҳ ишни амалга оширган кимса бу дунёда ҳам, охиратда ҳам азобу-уқубатда қолади, деб таъкидлайди.

Жаҳондаги нуфузли ислом муассасалари ва уламолари ўзини турли портловчи восита билан портлатиш орқали бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлиш шаръан харом амал эканлигини таъкидлаганлар. Бу гуноҳ ишни амалга оширганлар ким бўлишидан қатъий назар парвардигорни азобига учрайди, деб алоҳида таъкидлаганлар.

Мазкур далиллар ва фатволарга асосланган Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши «Ўзини-ўзи турли йўллар билан қасддан ўлдиришнинг огир гуноҳлиги ҳақида» фатво беради ва бегуноҳ инсон қони тўкилишига олиб келувчи бундай жирканч ҳаракатни қатъий қоралайди.

Қурони каримга, пайғамбаримизнинг ҳадисларига ва мазкур далилларга суянган холда Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимиздаги барча мусулмонларга мурожаат қилиб, ўзини-ўзи ўлдириш каби ношаръий холатларга қарши кескин чоралар кўришга чақиради. Инсонлар шундай холатларга дуч келган тақдирда уни бартараф этишнинг чора-тадбирларини кўриш барча имом-хатибларнинг муҳим вазифаси ва ҳам диний, ҳам инсоний бурчидир деб ҳисоблайди.

Барча имом-хатиблар қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар ўзини-ўзи ўлдириш катта гуноҳ эканлигини мусулмонларга оят ва хадислар билан исботлаб тушунтиришлари лозим. Бундай ношаръий ишлар Аллоҳ таолонинг бандаларига берган ҳаёт неъматига ношукурлик эканини батафсил англатиб бормоқликлари лозим.

Шу билан имом хатиблардан ўзини-ўзи ўлдирганларга жаноза намози ўкишдан бош тортишлари талаб этилади. Бундан ташқари, уларни шундай ўлимга боғлик маърака ва худойиларга бормасликлари хамда ўз жонига қасд қилиб ўлганларнинг руҳларига Қуръони карим оятларидан тиловат қилмаслик шаръан жоиздир. Имом хатиблар шу йўл билан ўзини-ўзи ўлдирган шахсларнинг гуноҳлари қанчалик оғир эканлигини халққа ошкор қилган ва мусулмонларни бу мудхиш феълдан асраган бўлишади.

Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига ато этган неъматларига шукр килишга ва синов учун етган мусибатларга сабр қилишни насиб айласин!

 

Тожиддин Хўжаханов, 
Янгиқўрғон тумани “ Ёрилган ” жоме  
масжиди и мом хат иби