Жамият аъзоларига муносабат

УЛАМОЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ

УЛАМОЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ

Муқаддас динимизда инсонни икки дунё саодатига эриштирувчи барча кўрсатмалар баён қилинган. Мана шу кўрсатмалардан бири бу таълим ва тарбия берган устозларни ҳурмат қилиш ва уларга чексиз ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ҳисобланади. «Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олимлар Аллоҳнинг ишончли ва омонатдор бандаларидирлар», дедилар». (Суютий ривояти)

Бежизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга таълим берадиган олимларни бу қадар олий мақомга кўтармаяптилар. Ахир улар инсониятни яхшилик сари етакловчи йўлбошчи ҳисобланадилар.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда устозни ҳурмат қилиш ва уларни эъзозлаш ҳақида жуда кўп кўрсатмалар берилган.

“Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли Зотдир” (Фотир сураси, 28-оят). 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам уламонинг фазли тўғрисида бир неча ҳадислар ворид бўлган.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Олимнинг обиддан ортиқлиги, менинг сизларнинг энг пастингиздан ортиқлигим кабидир. Дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг фаришталари, осмонлар ва ер аҳллари ҳатто уясидаги чумоли ва ҳатто балиқ одамларга яхшиликни таълим берадиганга саловат айтади”, дедилар”. Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти.

Олимларга бўладиган эҳтиромни кўринг. Нафақат инсонлар, балки, тилсиз жонзотлар ҳам уларни ҳурмат қилар экан. Олимларнинг даражаси қанчалик баландлигига шу ҳадиснинг ўзи кифоя қилади!

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаб қилиб йўлга чиқса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бир йўлга йўллаб қўяди. Дарҳақиқат фаришталар қанотларини илм талаб қилувчи учун рози бўлган ҳолида тўшаб туришади. Олим учун осмонлару ердагилар, сувдаги балиқлар истиғфор айтади. Олимнинг обиддан ортиқлиги ўн тўрт кечалик ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқлиги кабидир. Дарҳақиқат уламолар набийларнинг меросхўрларидир. Набийлар дийнор ва дирҳам мерос қолдиришмаган. Улар илм мерос қолдиришган. Ким уни олса, тўлиқ насибани олибди”, дедилар” (Термизий ривояти).

Инсонларни илмга қизиқтириш учун бундан ортиқ гап бўлмаса керак! Демак, ҳақиқий бойлик молу давлат эмас, балки, илмдир.  

Ҳар бир замонда Аллоҳ таоло инсониятга илм ҳикмат ўргатиш учун пайғамбарларни юбориб турди. Жумладан, охир замон пайғамбари Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай шарафли вазифа билан юборди. Бу ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари марҳамат қилиб айганлар: “Албатта мен муаллим қилиб юоборилганман”, деганлар. Мана шунинг ўзи ҳам устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигини кўрсатади

Қодирхон Азизов ,
Косонсой туман бош имом хатиби