Таълим тарбия

ТУГМАЧАҚАТОР (клавиатура) ОРҚАЛИ ГУНОҲ ОРТТИРИБ ОЛИШДАН ЭҲТИЁТ БЎЛАЙЛИК!

ТУГМАЧАҚАТОР (клавиатура) ОРҚАЛИ ГУНОҲ ОРТТИРИБ ОЛИШДАН ЭҲТИЁТ БЎЛАЙЛИК!

Динимизда ахлоқ ва сўз масъулиятига жуда катта эътибор берилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ижтимоий тармоқлар ва тил офати

📱 Ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар (комментлар) ҳам айнан «тил билан гапирилган сўз» ҳукмида бўлишини биласизми?

Кўпчилик виртуал оламда ёзилган ҳақорат, ёлғон ёки ғийбатни оддий ҳол деб ҳисоблайди. Бироқ шариатимизда ёзув ҳам тилнинг маҳсулидир. Ислом уламолари: «Қалам — икки тилдан биридир», деганлар. Бугунги кунда эса телефон ва компьютер клавиатураси ана шу қаламнинг ўрнини эгалламоқда.

  • Ҳар бир ҳарф ҳисобда: Сиз ёзган ҳар бир сўз ва изоҳ амал дафтарингизга яхши ёки ёмон бўлиб ёзилади. Елкамиздаги фаришталар фақат оғиздан чиққан гапни эмас, бармоқлар орқали ёзилган ҳар бир ҳарфни ҳам қайд этиб боришади.

  • Фойдасиз баҳслар: Ижтимоий тармоқлардаги беҳуда тортишувлар қалбни қорайтиради, адоват уруғини сочади ва энг қимматли бойлигимиз бўлган вақтни беҳуда сарфлайди.

Инсоният жамияти ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, доимий равишда ривожланиш ва ўзгаришда бўлади. Йигирманчи асрнинг энг катта кашфиётларидан бири бу — халқаро тармоқ, яъни интернет бўлди десак, хато қилмаймиз. Бу тармоқ қисқа йиллар ичида телевидение, радио, газета ва журналларни орқада қолдирди. Бугунги кунда дунё бўйича сон-саноқсиз одамлар интернет хизматларидан фойдаланади, ахборот алмашади ва турли масалаларни ҳал этади.

Интернет пайдо бўлгандан бери баъзилар уни ижобий баҳолашса, баъзилар салбий томонларини урғулашади. Бу мавзудаги энг мақбул қараш шуки: интернет ҳам телевизор ёки радио каби бир воситадир. Уни яхшиликка ишлатсак — хайрли ва манфаатли, ёмонликка ишлатсак — зарарли воситага айланади.

Демак, бизнинг энг муҳим вазифамиз — интернетдан салбий мақсадда фойдаланаётган инсонларга, айниқса ёш авлодга, тўғри йўлни кўрсатиш ва уларни зарарли оқибатлардан огоҳлантиришдир. Бошқа томондан эса, ижтимоий тармоқларда миллий-диний қадриятларимизга зид нарсаларни тарғиб қилаётган шахсларнинг салбий таъсирига тушмаслик кўникмаларини шакллантиришдир.

Интернетдан фойдаланишнинг асосий одоб ва қоидалари:

  1. Вақтни қадрлаш: Интернетда беҳуда ўтириш ва вақтни соатлаб совуришдан сақланиб, тармоқдан фақат мақсадли ва фойдали ишлар учун фойдаланиш лозим.

  2. Ростгўйлик ва аниқлик (Манбани текшириш): Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ва ёзилаётган ҳар бир хабарнинг тўғрилигини текшириш, ёлғон, фейк ёки асоссиз маълумотларни тарқатмаслик. Қуръони каримда таъкидланганидек, бирор хабар келганда уни аниқлаштириб олиш мўминлик бурчимиздир.

  3. Ҳурмат ва одоб: Бошқалар билан мулоқот қилганда ёки изоҳ қолдирганда маданиятли бўлиш, ҳақорат, масхара ва туҳматдан йироқ туриш.

  4. Шахсий ҳаётни ҳурмат қилиш: Ўзгаларнинг рухсатисиз уларнинг шахсий сирлари, суратлари ва маълумотларини ошкор қилмаслик ҳамда ғайриодобий тарзда муҳокама қилмаслик.

  5. Фойдали контент яратиш ва улашиш: Жамиятга, ёшларга ва атрофдагиларга фақат эзгулик, илм, гўзал ахлоқ ва манфаат келтирадиган маълумотларни улашиш. Етказилган ҳар бир хайрли илмдан эгасига давомли ажр-павоб етиб туради.

Хулоса қилиб айтганда, виртуал оламдаги ҳар бир ҳаракатимиз, қолдирган ҳар бир «лайк» ва изоҳимиз учун Охиратда жавоб беришимизни унутмайлик. Клавиатурамизни гуноҳ эмас, савоб кўпайтирадиган эзгу воситага айлантирайлик!

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди;

Шарифжон Юнусов,
Чортоқ тумани “Ҳазрати Ибн Аббос жоме 
масжиди имом-хатиби