Жамият аъзоларига муносабат

ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК – БАХТ САОДАТ РАМЗИ

ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК – БАХТ САОДАТ РАМЗИ

Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Тинчлик-барча халқларнинг азалий орзуси бўлиб келган. У инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олган энг олий қадрият ҳисобланади.  Бу  неъмат бебаҳо экани ислом дини манбаларида ҳам такрор – такрор айтилган.  Хусусан, Қуръони каримнинг 50 дан зиёд суралардаги юздан ортиқ оятларида мусулмонлар тинчлик, эзгулик ва бағрикенгликка чақирилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:  яъни: “…Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”. (Бақара, 60), деб таъкидланган.

Ҳадиси шарифларда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейди: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” – дея инсонларни тинчликнинг қадрига етишга, ўзаро аҳил-иноқ яшашга даъват этади. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиригани бежиз эмас, албатта. Шунингдек, доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч — сен тинч”, “Тинчлигинг — ҳурлигинг” каби мақолларида ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади.

Афсуски, баъзи ёшларимиз исломнинг соф таълимотларни сохталаштириб,  ниқоб қилиб олган турли мутаассиб оқимларга қўшилиб қолаётгани энг ачинарли ҳолатдир. Шунинг учун ҳам биз доимо тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифа сифатида биламиз.  Кейинги пайтларда ўзларини гўёки “салафи солиҳларга эргашганлар” деб атаётган сохта салафийлик оқими тарафдорларнинг фаолияти мусулмонлар орасига ихтилоф солмоқда. Аслида, салафи солиҳлар тушунчаси ислом тарихида мўътабар бир даврда яшаган кишиларни қамраб олади. Чунки ҳадисда келишича даврларнинг энг яхшиси бу пайғамбар даври, сўнг ундан кейинги давр, сўнг ундан кейинги давр ҳисобланади. Бу уч давр ҳижрий йил бўйича илк уч асрни қамраб олиб, у даврларда яшаган саҳобалар, тобеинлар ва табаъ тобеинлар салафлар ҳисобланадилар.

Бироқ, ҳозирги салафийлик ёки салафия йўналиши янги ном бўлиб, бу кейинчалик пайдо бўлган йўналишдир. Бу сохта салафийлар фақат саҳобаларга эргашамиз деган шиор билан, гўёки тўғри йўлда юрганликларини ва олимларнинг салаф мазҳабига эргашишга тарғиб қилганликларини айтиб, ўзларини оқламоқчи ва тарафдорларини кўпайтирмоқчи бўлмоқдалар.

Сохта салафийларни бошқа мусулмонлардан ажратиб турган амалларидан бири уларнинг мазҳабларни тан олмасликлари ҳисобланади. Сохта салафийлар муайян бир мазҳаббоши ёки олимга эргашиш хато, ҳар бир мусулмон диний манбалардан ўзича шаръий ҳукмлар чиқариши лозим деб таъкидлайдилар. Тасаввур қилинг, ҳар бир мусулмоннинг диний билим ва савияси ҳар хил бўлса, ҳар ким ўзича Қуръон ва ҳадисдан хулоса чиқарса, уммат ичида қанчалик ихтилофлар кўпайиб кетади.

Ақида масаласида эса сохта салафийлар ўз раҳнамолари фикрларига таяниб, тавҳид, такфир, Аллоҳнинг макони ва сифатлари каби масалаларда ашъария ва мотуридияга зид фикрларни илгари сурганлар. Сохта салафийлар аҳли сунна вал-жамоанинг икки буюк имомлари Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийни ақида масаласида адашган олимлар сифатида айблайдилар. Ислом умматини катта ихтилофлардан сақлаган, турли ақидавий ихтилоф ва фитналарга барҳам берган, мусулмонларнинг тўғри йўлдан адашмасликлари учун илм-зиё тарқатган уламоларга бундай айб қўйиш  сохта салафийларининг динда нақадар ғулувга кетганликларини яққол кўрсатади. Сохта салафийлар асосий урғуни диний ахлоқ қоидаларидан кўра сиёсий ғояларига қаратишади. Шу сабабли, уларнинг даъвати гўёки ҳокимиятни “чин мусулмонлар” қўлига топшириш зарурлиги масалаларига йўналтирилади. Бу каби фитналар қатор мусулмон мамлакатларида фуқаролар урушига сабаб бўлмоқда.
Сохта салафийлар мусулмон халқлар ичида қуйидаги масалаларда ихтилоф чиқармоқдалар:

 — миллий урф-одат, ватанпарварлик, миллий ғурур каби қадриятларни бидъат ҳисоблаш, мазҳабларни, жумладан, ҳанафийлик мазҳабига эргашишни инкор қилиш;

— шариат талабларига тўлиқ амал қилмайдиган фуқароларни куфрда айблаш, уларни кофир ёки фосиқ деб эълон қилиш, намоз ўқимайдиган яқин қариндошлари билан буткул алоқа қилмаслик;

— қабристонлар, зиёратгоҳларга боришни, ҳаттоки Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилишни бидъат деб ҳисоблаш. Ваҳоланки, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:«Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Кейин менга маълум бўлди (яъни Аллоҳ томонидан буюрилди). Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади».

— туғилган кун, шу жумладан Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд кунларини шаръий нишонлашни (мавлуд) ҳаром амал деб эълон қилиш;

— давлат қонунларини менсимаслик, яширинча уларни бекор қилишга даъват қилиш, оила аъзоларини шариат амалларини кўр-кўрона ва мутаассибона бажаришга мажбур қилиш, уларни дунёвий жамият билан алоқаларини чегаралаб қўйиш, хусусан, ёш болаларини мактабларга юбормаслик. Аслида ислом фитна эмас, тинчлик, муросаю-мадора, Аллоҳ ва раҳбарларга итоат динидир.

Барчамиз она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ўз ҳиссамизни қўшиб, эл-юрт тақдири, келажаги учун қайғуриб умргузаронлик қилайлик. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади.

Аллоҳ таоло обод ва фаровон юртимиз тинчлигини барқарор айлаб, халқимизнинг фидокорона қилаётган меҳнатларига муносиб ажр-мукофотлар ато этсин!

Анвархон Садриддинов
Наманган шаҳар “Ҳазрати Лангар” жоме 
масжиди имом-хатиби