Жамият аъзоларига муносабат

ТИЛНИ ТИЙИШ ВА ИСТИҒФОР — ГЎЗАЛ ХУЛҚ КАЛИТИ

ТИЛНИ ТИЙИШ ВА ИСТИҒФОР — ГЎЗАЛ ХУЛҚ КАЛИТИ

Инсоннинг ҳақиқий гўзаллиги фақатгина ташқи кўринишида эмас, балки тили ва гўзал хулқида намоён бўлади. Айниқса, энг яқинларимиз — оила аъзоларимиз билан муомалада ширинсўз, мулойим ва сабрли бўлишимиз лозим. Зеро, баъзан бегоналарга айтилмаган оғир сўзлар энг яқин инсонларимизнинг қалбини оғритади.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:   «Эй Аллоҳнинг Расули, мен тили ўткир (қўпол) одамман, бунинг аксар зарари оиламга бўлади», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Истиғфордан қаердасан (нега ундан ғафлатдасан)? Мен бир кунда ёки кеча-ю кундузда Аллоҳга юз марта истиғфор айтаман», дедилар».

Бошқа бир ривоятда эса:   «Оиламга нисбатан тили ўткир киши эдим. Шунда:  “ Эй Аллоҳнинг Расули, тилим мени дўзахга киргизишидан қўрқаман”, дедим. У зот: “Фойдаланиб турадиганинг истиғфордан қаердасан? Мен бир кунда Аллоҳга юз марта истиғфор айтаман“ , дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг истиғфорга бўлган эътиборлари биз учун улкан ибратдир. Гуноҳларни камайтириш, қалбни юмшатиш ва тилни ёмон сўзлардан сақлашда истиғфорнинг кучи беқиёс.

Шайтоннинг энг катта тузоқларидан бири инсоннинг тилини бошқара олмаслиги ва оиласи билан муносабатини совутишидир. Чунки оила — жамиятнинг энг кичик бўғини бўлиб, агар бу ерда тинчлик ва меҳр ҳукмрон бўлмаса, жамиятда ҳам барака камаяди. Қўпол сўзлар эса меҳр ришталарини секин-аста узиб, оилани парчаланишга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам оиладаги ҳар бир истеҳзоли ёки оғир калом учун ўз вақтида тавба қилиб, истиғфор билан қалбни тозалаб бориш муҳимдир.

Истиғфор фақат гуноҳларнинг кечирилиши эмас, балки у ризқнинг кенглиги, қалбнинг хотиржамлиги ва муаммоларнинг ечимидир . Тилимиз билан қилган хатоларимиз учун Аллоҳга истиғфор айтганимизда, У Зот бизга сабр ва ҳикмат ато этади. Мулойимлик инсонга ҳеч қачон зарар келтирмаган, аксинча, қўполлик кўпгина яхшиликларни барбод қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мулойимликдан маҳрум қилинса, яхшиликдан маҳрум қилинибди», деганлар.

Ҳар куни тонг оттирганда ва кун давомида тилимизни зикр ва истиғфор билан мағғул қилиш бизни кўплаб ноўрин сўзларни гапиришдан тўсади. Зеро, банд бўлган тил бошқаларни ғийбат қилишга ёки оила аъзоларига озор беришга вақт топмайди. Келинг, бугундан бошлаб оиламиз даврасида табассум ва ширин сўзни одат қилайлик, хато қилганимизда эса дарҳол истиғфорга ошиëлик.

Шундай экан, кундалик ҳаётимизда қуйидагиларга амал қилайлик:

Тилимизни асрайлик: Ҳар бир сўзни оғиздан чиқаришдан олдин унинг оқибатини ўйлайлик.

Истиғфорни канда қилмайлик: Кун давомида «Астағфируллоҳ»ни кўп айтиб, тилни ҳам, қалбни ҳам пок тутайлик.

Оиламизга меҳр кўрсатайлик: Уларга нисбатан мулойим ва хушмуомала бўлиш гўзал хулқ ва бахтли ҳаёт гарови эканини унутмайлик.

Унутмайлик: Тилни тийиш — одоблилик, истиғфор — қалб поклиги, оилага меҳр кўрсатиш эса ҳақиқий мўминлик белгисидир.

Аллоҳ таоло барчамизни тилидан фақат яхшилик ёғиладиган, истиғфорни кўп айтадиган ва аҳли оиласига меҳрибон бандаларидан қилсин. Омин!

Муҳаммад Нажмиддинов, 
Наманган шаҳри “ Мавлоно Алиюл қори ” жоме  
масжиди имом ноиби