Ўтган асрнинг 90-йилларидаги, яъни собиқ иттифоқ парчаланиб, мустақил республикамиз ўзини иқтисодий жиҳатдан ҳали ўнглаб ололмаган пайтдаги қийинчиликлар кўпчилигимизнинг ҳали ҳануз ёдимизда. Ўшандаги оғир дамлар бизнинг оилани ҳам четлаб ўтмаганди, албатта.
Бир гал туман маркази - Тўрақўрғонга йўлга чиқар эканман, отам раҳматли қайтишда буханка нон олишимни тайинладилар. Мен, ғўр йигит нимадир хаёлда нон харид қилишни унутибман. Уйга қайтгач, қўлим бўм-бўшлигига кўзлари тушгач, «Нон қани?» дедилар падарим бироз жаҳл билан. Эрталабки гап эсимдан чиққанини айтишим билан, юзимга тарсаки тортиб юбордилар: «Шунча қора кўз йўлингга кўз тикиб ўтирувди. Биласан, бир кило ун олиш учун дўконда қанақанги навбат кутишлар, қанақанги жанжаллар бўлаётганини. Одамлар далада бошоқ териб, тегирмонда ун қилдираётганидан хабаринг борми ўзи?! Зоғора нон ейишга мажбур бўлаётганимизни биласанми? Наҳотки, шу қадар бепарво бўлсанг?!».
Асли падари бузрукворим жоҳил инсон эмасдилар, лекин озиқ-овқатдаги тақчилик туфайли асаблари таранг бўлганлигидан қўл кўтарганларини билмай ҳам қолгандилар ва бундан афсус қилганликларининг ҳам гувоҳиман.
Бугун бозору дўконларимиздаги тўкинлик, бир-биридан чиройли ва мазали нонлар, шириндан-шакар ва турли-туман мева-чевалар, қанд-қурслар, пишириқларни кўриб, аввало, Аллоҳга шукроналар айтаман. Беихтиёр ўша кунлар, ўша воқеа эсимга тушади. Тарсаки зарбини туйгандек бўламан. Ҳозир ҳатто кичкинтойлар қандни танлаб ейишаётганини, ўзимиз эса Фалончи кўчадаги Фалончи ёпган нондан дастурхонга қўйиш учун узоқроққаям боришдан эринмаётганимизни кўриб, Яратганга ҳамду санолар айтаман, бироқ ношукурлик қилиб қўймаяпмизми, деган ўй ҳам кўнгилдан ўтмай қолмайди, албатта.
Ҳеч кимга сир эмас, бугун - Рамазон кунлари одамлар саҳарликка уйда ош дамлашдан эриниб, кўчада ошпазлар томонидан тайёрланаётган ёғли паловлардан уйларига олиб киряптилар. Кабоблар ейиляпти саҳарликка. Ифторлик пайти эса ҳар бир гузардаги, жондан бўлак нарсалар топиладиган бозорчалар гавжумдан-гавжум. Иссиққина сомсадан тортиб калла-поча-ю, гўштли нонгача бор. Оддий нон эмас, гўштли нон! Ҳаммаси гўзал! Яратганга ҳамду санолар айтасан.
Буларнинг барини кўриб, ношукур бўлмайлик, азизлар, ҳеч қачон ҳаётга норизо қарамайлик, дегим келади. Парвардигорга шукур қилайлик, кунларимиз осуда, ҳаётимиз тинч. Айниқса, турли қийинчиликларни бошидан кечирган катта ёшдаги ҳамюртларимиз ёшларга панд-насиҳат қилишлари керак. Тўкинликнинг қадрига етиш зарурлигини уқтиришимиз лозим.
Бугунгидек улуғ кунларда эса бир-биримизга меҳр кўзи билан қарайлик. Риё учун эмас, Аллоҳ йўлида саховат қилайлик. Ён қўшнимиз бирор нимага муҳтожлигини сезсак, ёрдам қўлини чўзайлик. Беморлар ҳолидан хабар олайлик. Биламиз, халқимиз ниҳоятда олийҳиммат. Меҳрли, оқибатли юртдошларимиз бисёр, лекин биз янада ҳамжиҳат бўлишимиз шарт. Шунда Яратган ўзи биздан рози бўлади, иншааллоҳ.
Муҳибилло Худойбердиев,
туман бош имом хатиби.