Жамият аъзоларига муносабат Рамазон 2025

ТАРОВИҲ НАМОЗИ

ТАРОВИҲ НАМОЗИ

Аллоҳ таолога ҳамду саноларимизни айтамизки, Муборак Рамазон бизларга соя солиб келмоқда. Рамазон Аллоҳ таолонинг ойидир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Рўза менинг учундир, Унинг савобини Мен ўзим бераман” деб марҳамат қилган. Рамазон рўзаси юксак ажрга эга бўлинадиган гўзал амаллардан биридир.

Рамазонда кечаларни қоим ўтказишга сабаб бўладиган амаллардан бири бу таровиҳ намозидир.

“Таровеҳ” луғатда “ором олдириш, дам бериш” маъноларида келган “тарвеҳа” сўзининг кўплик шаклидир. Истилоҳда Рамазон ойида хуфтоннинг суннати ва витр намози ўртасида ўқиладиган намозга нисбатан берилади. Намознинг ҳар тўрт ракатидан сўнг тўхтаб, дам олингани учун “таровеҳ” деб ном берилган.

Ислом шариатида таровеҳ намози йигирма ракъат этиб белгиланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан савоб умид этиб, Рамазон намозини (таровеҳни) ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади”, дея марҳамат қилганлар  (Бухорий, Муслим ривояти).

Шу ўринда тушунишимиз лозим бўлган бир дақиқ ўрин бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида таровиҳ намозини 8 ракат қилиб ўқилган ва бу ҳолат токи Ҳазрати Умарнинг ҳалифалик даврларигача давом этган.

Ҳазрати Умарнинг ҳалифа бўлиб турган вақтларида, таровиҳ намозининг ададини 20 ракатга буюрдилар. Бу қилган ишларини бирорта саҳоба рад қилгани йўқ. Лекин ҳозирги пайтимизга келиб, ўзларини салафлармиз деяётган сохта салафийлар Умар шариатга бидъат амални киритди, ўшанинг учун бунга амал қилинмайди деб, таровиҳ намозини 8 ракат қилиб ўқишмоқда. Ҳаттоки буюк саҳобани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан аҳли жаннат деб таъриф берилган Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳақларида ёмон гапларни ҳам айтишган.

Ҳазрати Умарнинг бу ишларини Ҳазрати Али мақтаб шундай деганлар, “Умар масжидларимизни таровеҳнинг файзи ила нурлантирганидек, Аллоҳ ҳам Умарнинг қабрини шундай нурлантирсин”, дея дуо қилиб, бу ишдан мамнун бўлганларини билдирган.

Таровиҳнинг 20 ракат эканлигига луғат уламоларининг ажойиб қарашлари бор.

“Тарвиҳа” сўзи бирлик ҳолатида бўлиб, “бир ўтириб дам олишлик”ка айтилади. Яъни 4 ракатдан кейин бир ўтиришлик назарда тутилмоқда. 

“Тарвиҳатани” сўзи иккилик ҳолатида бўлиб, “икки марта ўтириб дам олишлик”ка айтилади. Яъни иккинчи 4 ракатдан кейин ўтиришлик назарда тутилмоқда. 

“Тарвиҳааатун” сўзи кўплик ҳолатида бўлиб, “уч марта ўтириб дам олишлик”ка айтилади. Яъни учинчи 4 ракатдан кейин ўтиришлик назарда тутилмоқда. 

“Таровиҳ” сўзи кўплик ҳолатида бўлиб, “тўрт марта ўтириб дам олишлик”ка айтилади. Яъни тўртинчи 4 ракатдан кейин ўтиришлик назарда тутилмоқда.

Хулоса қиладиган бўлсак, сохта салафийларнинг даъвосига кўра, 8 ракатдан кейин чиқиб кетишлиги уларни таровиҳ намозлари мукаммал бўлмаганига далолат қилади. Демак жами 20 ракат таровиҳ намозида дам олишлик 4 мартага тўғри келади.

  Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу жорий қилган бу иш шариатга мувофиқ иш эканлигини тушуниб олишимиз мумкин.

Авазбек Юсупов, 
Давлатобод тумани “Ғози Муҳаммад ҳожи”

жоме масжиди имом-хатиби