Таълим тарбия

ТАРБИЯ - ЭНГ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

ТАРБИЯ - ЭНГ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Ҳар кишининг дунёда ороми жони тарбият,

Балки охирда эрур дорул-амони тарбият.

Тарбият ҳамроҳ этодур ҳур ила ризвонлара,

Гар десам бўлмас хато, жаннат макони тарбият.

А.Авлоний

Тарбия ҳақида сўз кетганда таниқли маърифатпарвар, Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли сўзлари ёдимизга келади.

“Тарбия” сўзи эса арабча сўздан олинган бўлиб, “парвариш қилмоқ”, “таълим бермоқ”, “ўрганиш”, “одоб ўргатиш”, “меҳрибонлик кўрсатиш” сингари маъноларни англатади. Жамиятимизда тарбия ҳар доим ҳам муҳим масала бўлиб келган ҳамда шахснинг жисмоний, руҳий, ахлоқий, маънавий сифатларни шакллантиришга қаратилган. Дарҳақиқат, бугунги кунда тарбия масаласи, оилада фарзанд тарбияси муҳим масалалардан бири бўлиб келмоқда. Чунки ёш авлодни тарбиялаш, ҳар томонлама баркамол шахсни шакллантириш, ёшларимизни билимли, маънавий камолга етишида тўғри йўналтирилган тарбия муҳим аҳамият касб этади.

Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлоний тарбия тўғрисида шундай деганлар “Тарбияни туғилган кундан бошламоқ, вужудимизни қувватлантирмоқ, фикримизни нурлантирмоқ, ахлоқимизни гўзаллантирмоқ, зеҳнимизни равшанлантирмоқ лозим”.

Юқоридаги фикрларни инобатга олган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, инсон хаётида тарбиянинг дарстлабки босқичи бу оила демакдир. Оилада фарзанд ўсиб-улғаяр экан кўрган-билган нарсаларини, маълумотларни ёши катталардан, ота-онасидан сўраб билиб олади. Шунингдек, оилада ёши катталарнинг, ота-онанинг, амаки-тоғаларнинг, бобо-бувиларнинг таъсири фарзанд тарбиясида муҳим аҳамият касб этади.

Ҳар бир фарзанд яхшиликларни қабул қилувчи, оппоқ қоғоз каби соф қалб билан дунёга келади. Ана шу софликни сақлаш, уни шакллантириш ва турли хил ғайриинсоний хулқлардан ҳамда динимизга, эътиқодимизга ёт бўлган турли ғоялардан асраш ота-онанинг энг муҳим вазифасидир. Шу ўринда миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимизда ҳам фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор бериш ўринлидир.

Ривоятда келтирилади:

Бир ота ўғли била йўлда кетаётган пайтида,ота ўғлига қарата ўғлим йиқилмасдан адашмасдан келияпсизми деб орқадаги ўғлига қаради,шунда ўғли ҳам отасига қарата отажон сиз йиқилмасангиз, адашмасангиз бўлди  чунки сиз қадам  қўйган жойдан ман ҳам юрияпман дея жавоб берган экан.  Ушбудан олинадиган ўрнак   шуки фарзанд тарбиясида оила раҳбарларининг, ота-онанинг ўрни муҳимлиги келтирилиб ўтилган.

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, тарбиядан мақсад инсоннинг жисмоний, руҳий, ахлоқий, маънавий сифатларни шакллантириш демакдир. Тўғри йўналтирилган тарбия инсон ҳётида муҳим аҳамият касб этибгина қолмай, балки жамият тараққиётида ўз натижасини кўрсатади.

Яратган барчамизни аввало тарбия, одоб ахлоқда бўлишимизни ҳамда келажак авлодларимизни ҳам тўғри йўлда айласин. 

 

Кенжабек Солиев,
Чуст туман "Ғойиб эронлар" жоме 
масжиди имом хатиби