Байрам ва марака маросимлари

ТАЪЗИМ ВА ЭҲТИРОМ СИЗГА, АЗИЗ УСТОЗЛАР!

ТАЪЗИМ  ВА  ЭҲТИРОМ  СИЗГА, АЗИЗ  УСТОЗЛАР!

 Инсон маънавий камолотга, икки дунё саодатига устоз ва мураббийлар тарбиясисиз эришолмайди. Маънавият моддиятдан устун бўлганидан устоз-муаллимлар ҳар бир даврда эъзозланган. Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий диндир. Зеро, инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олиши ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Илм –руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. 

Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади: ... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

 Мазкур ояти карима олим ва илм ўргатувчилар мартабаси нафақат бандалар олдида, балки Аллоҳ таоло ҳузурида юқори эканига далолат қилади. Зеро, улар буюк муаллим бўлмиш Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меросхўрларидир.

 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайқи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: "Шубҳасиз, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмон ва ердаги барча мавжудотлар, ҳатто уясидаги чумоли, денгиздаги балиқлар инсонга яхшилик ўргатган муаллим хаққига дуо қилади" (Имом Термизий ривояти).
Ҳазрат Али (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: "Менга битта ҳарф ўргатган одамнинг қулиман. Ҳоҳласа сотади, ҳоҳласа озод қилади ва ҳоҳласа қул қилади". 

Шу маънода Шайх Шерозий: "Ким фарзанди олим бўлишини истаса, олимларни ҳурмат қилсин, улуғласин ва фарзандининг устозларига ҳадялар юборсин", деб таъкидлаганлар.
Хасан Басрий айтадилар: "Олимлар бўлмаганида, инсонлар чорва моллари каби бўлиб қолардилар". Яъни, илм олимлар орқали тарқалади ва у билан инсонлар улуғликка етишадилар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».

Жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.

Юнусхон Умаров,
Косонсой туман Садпири Комил” жоме
масжиди имом хатиби