Таълим тарбия

ТАЪЗИЯ БИЛДИРИШ ОДОБИ

ТАЪЗИЯ БИЛДИРИШ ОДОБИ

Ушбу одоб борасида муҳтарам уламоларимиз, устозларимиз битган жуда кўп мўътабар манбалар бор. Инсон ҳаёт экан, ўлим соя солиб туради. Ҳар бир киши ота-онаси, яқини, қадрдони, азизи ёки дўсту биродарини бир кун келиб йўқотади. Шу вақтда мусибатзада хонадонга бориб таъзия билдирмоқнинг ўзига хос тартиб-қоида ва одоб-ахлоқлари мавжуд бўлиб, уларга риоя қилиш лозимдир.

Мусибат етган ҳолатда

Агар бир киши биродарининг вафот этганини эшитса: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», дейиши керак.

Аҳли мусибатга хоҳ дафндан илгари, хоҳ дафндан сўнг, таъзия изҳор қилиш мустаҳаб. Имом Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) наздиларида, таъзия уч кунгача жоиз. Ундан сўнг макруҳдир.

Тобут олиб кетаётган кишиларга сукут вожибдир. Бу ҳолда зикр ва фикрга машғул бўлиш мустаҳаб. Лекин зикр жаҳрий (баланд) қилинмайди. Аёлларнинг тобут орқасидан чиқишлари макруҳдир.

Аҳли мусибат қуйидагиларни айтади ва сабр қилади: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Аллоҳумма ажирни фи мусибати ва ахлифли хойрон минҳо».

Аҳли мусибат овоз кўтариб йиғламаслиги лозим бўлади. Ҳадиси шарифда келишича, аҳли мусибатнинг овоз чиқариб йиғлашидан маййитга озор етади.

Мусибат ахлларига таъзия айтиш борасида Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳивасаллам:

 

رَوَى ابْنُ مَاجَةَ وَالْبَيْهَقِي عَنْ عَمْرِو بْنِ حِزامٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ مُؤْمِنٍ يُعَزِّي أَخَاهُ بِمُصِيبَةٍ إِلاَّ كَسَاهُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ مِنْ حُلَلِ الْكَرَامَةِ

 

Ибн Можа ва Байҳақий Амр ибн Ҳизомдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин киши мусибат етган биродарига таъзия билдирса, Аллоҳ азза ва жалла уни азизлик либоси билан безайди”, дедилар.

Дафн маросимидан олдин бўладими ёки уч кунлик аза давомида, аҳли маййитларнинг барчаларига таъзия билдириш жоиз бўлади. Аммо имкон қадар эшитиши билан дарҳол таъзия изҳор қилишга шошилиш лозим. Бироқ сафарда ёки шунга ўхшаш сабаблар туфайли кечиккан одам уч кундан кейин ҳам таъзия билдириши мумкин.

Уламолар маййитнинг ёш қизига ва аёлига таъзия билдириш фақат маҳрамларига жоиз деганлар.

Таъзия сўзларини айтиш

Имом Нававий “Азкор” номли китобида келтиради:

Таъзия билдиришнинг энг яхшиси Усома ибн Зайддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларидан бирига унинг фарзанди вафот этгани ҳақида хабар бериш учун бир кишини юборди. Хабарчига: «Бориб айтгин, албатта, Аллоҳ ўзи бериб, яна ўзи олди, ҳар нарсанинг ўз ажали бордир”, деб уни сабрга буюргин ва у албатта савоб олади...» дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Имом Нававий ҳазратлари айтади:

Таъзия лафзида ман қилинган лафз йўқ, яъни ҳар қандай тасалли берадиган сўз билан таъзия билдириш мумкин.

Аммо саҳобалар таъзия билдиришда: “Аллоҳ ажрингни улуғ қилсин, сабрингни гўзал қилсин ва вафот этганни мағфират қилсин”, дейишни мустаҳаб санаганлар.

Хайрулло Хамрақулов, 
Тўрақўрғон туман “Абдуғаффор қори” жоме 
масжиди имом хатиби.